“Чуқур хавотирдаман”. Гутерриш Яқин Шарқдаги вазият бўйича баёнот берди
Олам
−
09 Июнь 2277 2 дақиқа
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Яқин Шарқдаги можаронинг кескинлашиши муносабати билан янги баёнот берди ва томонларни ўт очишни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда у бугун, 9 июнь куни ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
“Мен Яқин Шарқда кескинликнинг қайтадан авж олишидан чуқур хавотирдаман. Барча ҳужумлар зудлик билан тўхтатилиши керак. Ливан, Эрон ва Ғазо секторидаги сулҳга тўлиқ риоя қилиниши лозим.
Ҳозирда олиб борилаётган дипломатик саъй-ҳаракатларга путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай қадамлардан қочиш зарур”, дейди БМТ Бош котиби.
У, шунингдек, Исроилнинг Ғазо секторига олиб борувчи назорат-ўтиш жойларини ёпиш қароридан чуқур ташвишда эканлигини айтган.
“Бутун Ғазо сектори бўйлаб гуманитар ёрдамнинг тезкор, хавфсиз ва тўсиқларсиз ҳаракатланишини таъминлаш учун барча ўтиш жойларини зудлик билан очишга яна бир бор чақираман.
Халқаро ҳуқуққа мувофиқ, кемаларнинг сузиш ҳуқуқи ва ҳаракатланиш эркинлиги ҳурмат қилиниши шарт”, дейди Гутерриш.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир томон халқаро ҳуқуқ доирасидаги ўз мажбуриятларига амал қилиши ва тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барча эҳтимолий эҳтиёт чораларини кўриши лозим.
“Яқин Шарқдаги можароларнинг ҳарбий ечими мавжуд эмас. Олдинга бориладиган ягона йўл – бу мулоқот ва музокаралардир.
Мен барча манфаатдор томонларни минтақавий ҳамда халқаро тинчлик ва хавфсизликка хизмат қилувчи дипломатик ечимлар устида ишлашга чақираман”, дейди БМТ Бош котиби.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йил 28 февралда уруш бошланганидан бери 37-марта Эрон билан урушни тўхтатиш тўғрисидаги битимга “икки-уч кун ичида” эришилиши мумкинлигини маълум қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси