Бизнес-омбудсман рекламаларни бузишда қонунга амал қилишга чақирди

Жамият

image

Тошкент шаҳрида рекламаларни бузишда қонуний йўл тутиш лозим. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман масъул ташкилотлар ва мансабдор шахсларга огоҳлантириш билан чиқди.

Қайд этилишича, Бизнес-омбудсманга Тошкент шаҳрида айрим ҳолларда тадбиркорларнинг реклама воситалари мажбурий тартибда демонтаж қилинаётгани ҳамда талаблар бажарилмаган тақдирда электр энергиясидан узиш ҳолатлари кузатилаётгани юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Мазкур мурожаатлар Бизнес-омбудсман томонидан назоратга олинган бўлиб, ҳозирда ҳолатлар атрофлича ўрганилмоқда.

“Шу муносабат билан масъул ташкилотлар ва мансабдор шахслар таъсир чораларини қўллашда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиши ва ҳар қандай чеклов ва мажбурлов чораларини фақат қонуний асослар мавжуд бўлган тақдирда қўллаши лозимлиги ҳақида огоҳлантирилади”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, ўрганишлар якунлари бўйича мурожаатларда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топган тақдирда, қонунчиликда белгиланган тартибда айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг март ойидан бошлаб Тошкент шаҳридаги реклама ва пешлавҳаларни мажбурий демонтаж қилиш ишлари бошланган эди. Бу пойтахтнинг дизайн-код талаблари билан боғлиқ.

Жорий йилнинг май ойида Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида мазкур масала муҳокама қилинди ва тадбиркорлик субъектининг номи ва фаолият тури тўғрисида бинога жойлаштирилган ахборотни реклама сифатида баҳоламаслик ва бунинг учун тегишли паспортларни расмийлаштиришни бекор қилиш таклиф этилди. Шунингдек, рекламалар ва бошқа ахборот белгиларини жойлаштиришга доир дизайн талабларини тадбиркорлар таклифларини инобатга олган ҳолда босқичма-босқич жорий этиш, юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларига ўз савдо белгисини жойлаштириш тартибини соддалаштириш ташаббуси илгари сурилди.


Мақола муаллифи

Теглар

реклама Бизнес-омбудсман пешлавҳа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг