Nika pharm тарихий шахслар акс этган реклама сабаб жаримага тортилди
3-саҳифа
−
10 июн 3079 2 дақиқа
Тарихий шахслар образидан фойдаланиб, дори рекламасида ахлоқ ва маънавият нормаларини бузган “Nika pharm” МЧЖ жарима тортилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқлар орқали ахлоқ ва маънавиятнинг умумэътироф этилган нормаларига мувофиқ бўлмаган реклама-ахборотларини жойлаштириш (тарқатиш) ҳолатлари аҳолининг кескин муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Яъни, сунъий интеллект орқали яратилган турли нотабиий рекламаларга бўлган танқидий руҳдаги изоҳлар ошиб бормоқда.
Хусусан, ижтимоий тармоқларда “Nika pharm” МЧЖ томонидан “Rinoksil Formula+” дори воситаси рекламасида буюк саркарда Амир Темур, таниқли давлат арбоби ва нотиқ Жорж Вашингтон, буюк олим ва табиб Ибн Сино (Авиценна), буюк қўмондон Юлий Цезар, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий, давлат арбоби, саркарда Напалеон Бонопарт каби тарихий шахсларнинг образларидан фойдаланиб, “ушбу дори воситасини улар томонидан ишлатилганда” дея, турли ҳолатларда намойиш этилган.
“Маълумки, тарихда улкан мерос қолдирган буюк шахслар хотирасига ҳурмат-эҳтиром халқимизнинг меҳр-муҳаббатини ифодалайди, бироқ ушбу дори воситасини бундай кўринишда реклама қилиниши таниқли тарихий шахсларга, шу жумладан буюк аждодларимизга нисбатан ҳурматсизлик, ахлоқ ва маънавиятимизга зид бўлган тарзда уларнинг образларидан фойдаланилган”, дейилади қўмита ахборотида.
“Реклама тўғрисида”ги қонунининг 16-моддасида рекламада миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш тақиқланиши кўрсатиб ўтилган.
Билдирилишича, юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқарма махсус комиссияси томонидан “Nika pharm” МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 16-моддаси талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунида белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилинган.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қиморни реклама қилган блогерлар жавобгарликка тортилган эди.
Live
Барчаси