Бухородаги Нодир Девонбеги мадрасаси олдида қимор реклама қилинди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрида жойлашган Нодир Девонбеги мадрасаси олдида онлайн қимор ўйини реклама қилингани акс этган суратлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, маданий мерос объектлари ҳудудида ҳар қандай оммавий тадбирларни ўтказиш учун Маданий мерос агентлиги билан келишилиши ва тегишли рухсатнома олиниши шарт. Аниқланган ҳолатда эса, ушбу талаблар бузилган.

Ўрганишлар давомида тадбирни ўтказиш юзасидан Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Бахтиёр Одилов тасдиқлаган назорат режаси Маданий мерос агентлиги билан келишилмагани аниқланган. Ҳолат юзасидан жорий йилнинг 28 апрель куни агентликнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан масъул шахсларга тадбирни тегишли рухсатнома олинмагунча тўхтатиш бўйича кўрсатма хати киритилган.

Бироқ ушбу кўрсатма талаблари бажарилмасдан тадбир ўтказилгани аниқланиб, 2026 йил 29 апрель куни тегишли далолатнома расмийлаштирилган ҳамда ҳолат белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилган.

Тўпланган материаллар асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198⁵-моддаси 1-қисми (Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг ва унинг ҳудудий бошқармаларининг кўрсатмаларини бажармаганлик)га мувофиқ маъмурий баённома тузилиб, иш ҳужжатлари қонунчиликда белгиланган тартибда суд органларига юборилган.

Нодир Девонбеги мадрасаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сон қарорига мувофиқ моддий маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган ҳамда ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудуд ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда тарихий масжидни бузган қурилиш раҳбари қамоққа олинганди. Бироқ у етказилган зарарни уч карра миқдорда қоплангани сабабли гаров эҳтиёт чорасига ўзгартирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бухоро реклама қимор Нодир Девонбеги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг