Туркияда 6 ёшли ўзбекистонлик бола трамвай остида қолиб вафот этди (видео)
3-саҳифа
−
09 Июнь 4475 1 дақиқа
Кеча, 8 июнь куни Истанбул шаҳрининг Фотиҳ тумани Лалели мавзесидаги трамвай бекатида юз берган бахтсиз ҳодиса оқибатида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган 6 ёшли бола вафот этди. Бу ҳақда “Halk TV” хабар берди.
Ушбу хабарни Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳам тасдиқлади. Қайд этилишича, вафот этган бола ота-онаси ва яқинлари билан бирга Туркияга сайёҳ сифатида борган.
Дастлабки маълумотларга кўра, вояга етмаган бола трамвайдан тушганидан сўнг, бекат ва трамвай рельслари оралиғида қисилиб қолган ҳамда транспорт воситасининг ҳаракатланиши оқибатида оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
Ҳозирда Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради ҳамда зарур консуллик-ҳуқуқий кўмак кўрсатиш чораларини кўрмоқда”, дейилади хабарда.
Бош консулхона Истанбул шаҳрининг мегаполис сифатида йўл-транспорт инфратузилмаси ва жамоат транспорти серқатновлигини инобатга олган ҳолда, вояга етмаган болаларни назоратсиз қолдирмасликни ва уларнинг хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратишни тавсия қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда 29 ёшли ўзбекистонлик аёл ўз жонига қасд қилиб, вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси