Ер ядросида ғайриоддий ўзгариш аниқланди
Бу қизиқ
−
28 Май 12715 2 дақиқа
Олимлар Ернинг ташқи ядросидаги суюқ темир ҳаракатида ғайриоддий ўзгаришни аниқлади. Тинч океани остида оқимларнинг бир қисми тўсатдан йўналишини ўзгартирди ва умумий ғарбий оқимга зид равишда шарққа қараб ҳаракатлана бошлади. Ушбу тадқиқот иши “Journal of Studies of Earth” журналида эълон қилинди.
Ернинг ташқи ядроси суюқ темир океанидан иборат бўлиб, унинг ҳаракати сайёранинг магнит майдонини шакллантиради. Бу жараён геодинамо деб аталади. Магнит майдони Ерни космик радиациядан ҳимоя қилади ва атмосферани сақлаб қолишга ёрдам беради.

Илгари ташқи ядродаги моддаларнинг кенг кўламли ҳаракати нисбатан барқарор ва умумий ҳисобда ғарбга йўналтирилган деб ҳисобланган. Бироқ 2010 йил атрофида олимлар Тинч океани остидаги оқимларнинг кутилмаганда тескари томонга бурилгани белгиларини пайқаб қолган.
“Тинч океани остидаги оқимларнинг кенг кўламда ортга бурилиши Ернинг чуқур қатламлари табиати ҳақида янги саволларни туғдирмоқда”, дейди Эдинбург университети геофизиги Фредерик Даль Мадсен.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2010 йилгача ушбу минтақада кучсиз ғарбий оқим кузатилган, аммо 2012 йилдан кейин у кучли шарқий оқимга алмашган. Бу оқимнинг шиддати 2020 йилгача кучайиб борган, шундан сўнг аста-секин пасая бошлаган. Тадқиқотчиларнинг урғу беришича, гап қандайдир маҳаллий гирдоб ҳақида кетаётгани йўқ. Аномалия ташқи ядро юзасининг қарийб 5 фоизини қамраб олган ва йирик тўлқинсимон тузилишга эга бўлган. Бундай ҳодисанинг сабаблари ҳозирча номаълум. Бироқ олимлар айнан ўша даврда Ернинг чуқурликларида бошқа ғайриоддий жараёнлар ҳам қайд этилганига эътибор қаратмоқда. Масалан, 2010 йил атрофида сутка давомийлигининг ядро ҳаракати билан боғлиқ бўлган ва ҳар 5,8 йилда такрорланиб турадиган даврий ўзгаришларида узилиш юз берган. Бундан ташқари, Ернинг ички ядроси ҳаракатида ҳам ўзгариш белгилари пайдо бўлган.
Кейинчалик, 2017 йилда сунъий йўлдошлар бир қатор “геомагнит силкинишлари”ни (ядро кузатиладиган турбулент жараёнлар билан боғлиқ бўлган магнит майдонининг кескин ўзгаришларини) қайд этган. Муаллифлар ушбу ҳодисалар ўзаро боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Олимларнинг сўзларига кўра, бу жараёнлар инсоният учун тўғридан тўғри хавф туғдирмайди. Бироқ ядро динамикасини тушуниш Ернинг магнит майдонидаги ўзгаришларни ва космик об-ҳавони прогноз қилиш учун жуда муҳим саналади.
“Сунъий йўлдош миссиялари Ер ядроси илгари ўйлаганимиздан кўра анча ўзгарувчан ва мураккаб бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда”, дейди ESA Swarm сунъий йўлдошлари лойиҳаси илмий ходими Элизабетта Йорфида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Макс Планк жамиятининг Қуёш тизимини тадқиқ қилиш институти олимлари Юпитер орбитасидан кейинги ҳудуд сайёралар ва астероидларнинг қурилиш блоклари бўлмиш планетезималлар шаклланишидаги асосий “фабрика”лардан бири бўлган бўлиши мумкинлигини аниқлаганди.
Live
Барчаси