Умрни узайтиришнинг оддий йўли: олимлар тавсия қилган 5 та жисмоний ҳаракат
Саломатлик
−
18 Май 6903 3 дақиқа
Янги илмий тадқиқотларга кўра, кун давомида атиги 5 дақиқа жисмоний фаоллик эрта ўлим хавфини камайтириши мумкин. Бу фаоллик тез юриш, зиналардан чиқиш ёки велосипед ҳайдаш каби оддий ҳаракатларни ўз ичига олади. Бу ҳақдаги тадқиқот BBCда эълон қилинди.
Тадқиқотлар Буюк Британия, АҚШ ва Скандинавия давлатларидан 150 мингдан ортиқ маълумотлар асосида таҳлил қилинган. Натижалар шуни кўрсатдики, кун давомида ҳатто жуда қисқа дақиқали ҳаракатлар ҳам юрак-қон томир касалликлари ва эрта ўлим хавфини камайтиришга ёрдам беради.
“Кунига атиги 5 дақиқа кўпроқ ҳаракат қилиш ҳар бир одам учун кичик кўринади, лекин агар кўпчилик шундай қилса, бу бутун жамият соғлиғини сезиларли даражада яхшилайди”, дейди Норвегия спорт мактаби профессори Ульф Эклунд.
Тадқиқотчиларнинг кузатувларига кўра, энг катта фойда айнан жуда кам ҳаракат қиладиган одамларда кузатилади. Яъни, кун давомида кўпроқ ўтирадиган ва спорт билан шуғулланмайдиган инсонлар учун ҳатто 5 дақиқа ҳаракат ҳам сезиларли натижа кўрсатиши мумкин.
Қисқа жисмоний фаоллик пайтида организмда нималар содир бўлади?
Мутахассислар қисқа жисмоний фаоллик ҳам танада бир нечта муҳим жараёнларни ишга туширишини таъкидлайди. Ҳаракат пайтида юрак уриши тезлашади, қон айланиши яхшиланади ва мушаклар фаоллашади. Бу эса метаболизмни бироз бўлса-да тезлаштиради ва организмнинг умумий ишлаш самарадорлигини оширади.
“Жисмоний фаоллик мушак кучи, суяк мустаҳкамлиги ва умумий жисмоний функцияни сақлаб қолишда муҳим роль ўйнайди. Бу омиллар эса узоқ умр кўриш билан бевосита боғлиқ”, дейди АҚШдаги Род-Айленд университети мутахассиси Николь Логан.
Сўнгги йилларда олимлар “exercise snacks” деб аталадиган ёндашувни ҳам ўрганмоқда. Бу кун давомида қисқа, лекин тез-тез бажариладиган кичик ҳаракатлар йиғиндиси. Масалан, 1-2 дақиқа тез зиналарга чиқиш ва тушиш, 3-5 дақиқа тез юриш, уй юмушларини тезроқ ва фаол бажариш, қисқа рақс ёки чўзилиш машқлари.
Тадқиқотларга кўра, бундай қисқа фаолликлар юрак-қон томир тизимини “уйғотади” ва мушакларнинг чидамлилигини оширади. Энг муҳим жиҳати шундаки, одамлар бундай машқларни бажаришни осон деб қабул қилади ва давом эттириш эҳтимоли юқори бўлади.
“Биз кўпинча ҳаракатни катта ўзгариш деб ўйлаймиз, лекин аслида кичик одатлар энг барқарор натижани беради. Улар аста-секин ҳаёт тарзига айланади”, дейди Лафборо университети профессори Аманда Дейли.
Ҳаракатсизликни камайтириш ҳам муҳим. Олимлар фақат машқ қилиш эмас, балки узоқ вақт ўтиришни камайтириш ҳам муҳим эканини таъкидлайди. Кун давомида ўтириш вақтини 30 дақиқага қисқартириш соғлиқ учун ижобий натижа бериши мумкин.
Масалан, машинани манзилдан бироз узоқроққа қўйиб юриш, лифт ўрнига зиналардан фойдаланиш ёки иш орасида қисқа юришлар қилиш ҳам организм учун фойдали ҳисобланади.
Соғлом ҳаёт учун ҳар куни соатлаб спорт билан шуғулланиш шарт эмас. Энг муҳими ҳаракатсиз турмуш тарзини камайтириш ва кун давомида кичик бўлса ҳам мунтазам ҳаракат қилиш. Ҳатто 5 дақиқалик фаоллик ҳам вақт ўтиши билан юрак, мия ва умумий соғлиқ учун сезиларли фойда беради.
Live
Барчаси