Шавкат Мирзиёев Туркистонда Эрдўған билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити доирасида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, суҳбат аввалида давлат раҳбарининг жорий йил январь ойида Анқарага расмий ташрифи Ўзбекистон – Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янги, янада юқори босқичга олиб чиққани таъкидланган.

Олий даражада эришилган муҳим келишувлар ижроси юзасидан фаол мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани, вазирлик ва идоралар ўртасида янгича тизим яратилгани натижасида кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари самарали ривожланаётгани қайд этилган.

Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар, мамлакатлар ўртасидаги авиақатновларнинг сони жадал ўсиб бормоқда. Турк компаниялари иштирокида салмоқли лойиҳалар портфели шакллантирилиб, ишлар изчил амалга ошириляпти.

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари халқаро ҳамда минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тўқаев билан биргаликда Туркистон шаҳрида Ўзбекистон томонидан бунёд этилган масжид билан танишган эди. Кейинроқ, Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг учрашуви бўлиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Эрдўған Туркистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг