Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё туризм ҳалқаси”ни яратишни таклиф қилди
Жамият
−
04 Май 2185 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатларини бирлаштирадиган туристик макон – “Марказий Осиё туризм ҳалқаси”ни яратиш ташаббусини илгари сурди. Бу ҳақда давлат раҳбари бугун, 4 май куни Самарқандда ўтказилаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиғилишининг очилиш маросимида айтиб ўтди.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, дунёдаги нотинчлик туфайли миллионлаб туристлар хавфсиз йўналишларни қидирмоқда. Марказий Осиё зиёрат, маданий, гастрономик, этно, экстремал, тиббиёт каби туризм йўналишларида катта салоҳиятга эга.
“Бу соҳага алоҳида эътибор қаратиб, зарур инфратузилма, сервис, виза ва транспорт, энг муҳими, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширдик. Бунинг ҳисобига ўн йил ичида Ўзбекистонга хорижий туристлар оқими 6 карра ошиб, 12 миллион нафарга етди”, дейди Президент.
Яқинда Тошкент шаҳрида очилган Марказий Осиёнинг илм-фан ва маънавий хазинаси сифатида эътироф этилаётган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда барпо этилган буюк аллома Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси Ўзбекистоннинг янги дурдоналарига айланган.
“Бундай мажмуалар қўшни мамлакатларда ҳам бунёд этилмоқда. Шу боис минтақа давлатларини бирлаштирадиган туристик макон – “Марказий Осиё туризм ҳалқаси”ни яратиш ташаббусини илгари сурамиз. Қўшни давлатлар, Осиё тараққиёт банки ва бошқа ҳамкорларимизни туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳалар портфелини шакллантириб, биргаликда молиялаштиришга чақирамиз”, дейди Президент.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси айтиб ўтилган барча таклиф ва ташаббусларни Ўзбекистон Осиё тараққиёт банки билан фақат суверен кредитлар доирасида эмас, балки давлат-хусусий шериклик, кафолат инструментлари, аралаш молиялаштириш ва хусусий капитални жалб этиш орқали фаол ҳамкорликда амалга оширишга тайёр эканини билдирган.
“Шу муносабат билан минтақавий лойиҳалар учун Инновацион молиялаштириш платформасини шакллантиришни таклиф этамиз”, дейди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкининг “Осиё учун рақамли магистраль” ташаббусига қўшилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси