Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга ташрифи кутилмоқда – Кобахидзе
Жамият
−
20 Июнь 1664 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг жорий йил июль ойида Грузияга ташрифи кутилмоқда. Бу ҳақда бугун, 20 июнь куни хизмат сафари билан Тожикистонда бўлиб турган Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе журналистлар билан суҳбатда сўз очди.
Амалий ташриф билан Тожикистонга борган Ираклий Кобахидзе Тожикистон Бош вазири Қохир Расулзода билан учршув ўтказган. Шундан сўнг у грузиялик журналистларнинг саволларига жавоб бериши давомида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этган. Ҳукумат раҳбарининг билдиришича, Грузия еттита давлатни Қора денгиз ва шу орқали Ғарб билан боғлаб туради. Шунинг учун мамлакатнинг мазкур транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш савдо-иқтисодий нуқтаи назардан муҳим аҳамият касб этади.
“Шу муносабат билан Тожикистон билан ҳамкорлигимизни янада чуқурлаштириш ҳам муҳимдир. Бундан ташқари, яқинда Қирғизистонга ташриф буюрганимизни биласизлар, тез орада Қозоғистонга ҳам ташриф амалга оширамиз. Июль ойида эса Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Грузияга келади”, дейди Бош вазир.
Кобахидзенинг айтишича, Грузиянинг Марказий Осиё билан ўзаро муносабатларида жуда яхши динамика кузатилмоқда ва буларнинг барчаси мамлакатнинг транзит вазифасини янада ривожлантиришга хизмат қилади ҳамда бу мақсад учун катта инвестициялар киритилмоқда.
У, шу билан бирга, мамлакат қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга ҳам катта аҳамият бераётганини айтиб ўтган.
“Биласизлар, бизда Озарбайжон, Арманистон ва Туркия билан ажойиб муносабатлар мавжуд. Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни ҳам имкон қадар ривожлантирмоқдамиз. Ушбу жараёнлар асосида Грузия ўз иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида сезиларли даражада олға силжийди. Бу бизнинг асосий устувор вазифаларимиздан биридир”, деган Ираклий Кобахидзе.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга амалий ташрифи доирасида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзени қабул қилган эди.
2025 йилнинг март ойида эса Ираклий Кобахидзе расмий ташриф билан Тошкентга келганди. Ўшанда ҳам Шавкат Мирзиёев Кобахидзе бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди. Учрашув давомида савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-логистика, туризм ва маданият соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Live
Барчаси