Мактабдаги ҳужумда яраланган ўқувчи 18 кундан сўнг вафот этди (видео)

Олам

image

Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳрида Айсер Чалик ўрта мактабида жорий йилнинг 15 апрель куни содир этилган қуролли ҳужумда оғир яраланган 11 ёшли ўқувчи Алмина Оғаўғли 18 кундан сўнг шифохонада вафот этди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.  

Мазкур мактабдаги ҳужумда оғир тан жароҳати олган 5-синф ўқувчиси Оғаўғли шифохонанинг жонлантириш бўлимида 18 кун давом этган муолажалардан сўнг жон берди. 

Унинг жаноза маросими Абдулҳамидхон жомеъ масжидида ўтказилган. Унда мазкур ҳужум оқибатида ҳалок бўлган ўқувчи Аднан Гўктурк Яшилнинг онаси ҳам иштирок этган.

Ўқувчининг вафотидан сўнг, Туркиянинг кўплаб расмийлари ўз таъзиясини билдирган. Улар орасида Туркия Буюк миллат мажлиси (парламент) раиси Нуман Куртулмуш, Ички ишлар вазири Мустафо Чифтчи, Президентлик ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси раҳбари Бурҳониддин Дуран, Халқ таълими вазири Юсуф Текин, Оила ва ижтимоий хизматлар вазири Моҳинур Ўздемир Кўктош, Соғлиқни сақлаш вазири Камол Мемишўғли, Адолат ва тараққиёт партияси Раиси ўринбосари ва партия воизи Ўмер Челиклар ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Туркиядаги таълим муассасаларда тез-тез қуролли ҳодисалар юз бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг 2 март куни бутун Туркияни ларзага солган воқеа содир бўлди. Истанбул шаҳридаги Бўрса касб-ҳунар ва техника Анадолу лицейида ўқитувчи Фотима Нур Челик ўз ўқувчиси томонидан пичоқланиб, ўлдирилганди.

Шунингдек, жорий йилнинг 14 апрель куни Шонлиурфа вилояти Сиверек туманида жойлашган лицейда қуролли ҳужум содир бўлди. Оқибатда 16 киши жароҳатланиб, ҳужум содир этган ўқувчи ўз жонига қасд қилди.

Шунингдек, кеча, 15 апрель куни Қаҳрамонмараш вилоятидаги ўрта мактабда содир бўлган отишма оқибатида 9 киши ҳалок бўлди. Ҳозирча бу воқеаларнинг бир-бирига алоқаси борлиги ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Қолаверса, Туркияда Ички ишлар вазирлиги кўрсатмаси билан мамлакатдаги мактабларда полиция томонидан назорат олиб борилиши белгиланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Қаҳрамонмараш мактабдаги ҳужум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг