20 ёшли йигит шафқатсизларча пичоқлаб ўлдирилди
Олам
−
22 Апрель 19741 2 дақиқа
Қозоғистоннинг Талғар тумани Гулдала қишлоғидаги ресторанда 20 ёшли йигит шафқатсизларча пичоқлаб ўлдирилди. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар берди.
Нашрга кўра, Threads фойдаланувчиси унинг 20 ёшли акаси Талғар туманида шафқатcизларча ўлдирилгани ҳақида ўз саҳифасида ёзиб қолдирган. Олмаота вилояти полиция бошқармаси ушбу ҳодиса юзасидан иккита жиноий иш қўзғатган.
Aниқлик киритилишича, жорий йилнинг 12 апрель куни Талғар тумани Гулдала қишлоғидаги ресторанда йигитлар ўртасида жанжал юзага келган. Сўнг, 10 нафардан ортиқ эркаклар 20 ёшли йигитга пичоқ билан ҳужум қилиб, уни шафқатсизларча пичоқлаб ўлдирган.
“Унга 10 дан ортиқ кишидан иборат гуруҳ ҳужум қилди. Бу тасодифий тўқнашув эмас эди. Бу совуққонлик билан қилинган гуруҳ ҳужуми. У қуршаб олинган ва ўзини ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум қилинган. У пичоқдан олган жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этди. Бизда нима бўлганини кўрсатувчи видеодалиллар мавжуд. 30 дан ортиқ гувоҳлар ҳам бор. Aммо шунга қарамай, фақат битта одам ҳибсда”, дейди марҳумнинг оиласи.
Қайд этилишича, Олмаота вилояти полиция бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 20 ёшли гумондор ҳибсга олинган. Бундан ташқари, яна учта гумонланувчи безориликда айбланган. Уларга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Маълум қилинишича, суд уларнинг иккитасини уй қамоғига олган. Жиноят иши доирасида ҳодисанинг барча гувоҳлари аниқланган ва сўроқ қилинган.
Ҳозирда ҳодисанинг барча ҳолатларини тўлиқ, ҳар томонлама ва холис текширишни таъминлаш учун барча зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Барча томонларнинг далиллари батафсил кўриб чиқилмоқда. Тергов жараёни Олмаота вилояти полиция бошқармаси раҳбариятининг алоҳида назоратига олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжоннинг Бaку шаҳридаги 286-сонли ўрта мактабда 9-синф ўқувчиси синфдоши томонидан ёқиб юборилган эди.
Шаҳзода Шукуруллаева
Live
Барчаси