Дастлабки ҳисоб-китоб: Эрон Исроил ва АҚШ ҳужумлари ортидан қанча зарар кўрди?
Олам
−
14 Апрель 9331 2 дақиқа
Эрон ҳукумати АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида етказилган зарар миқдорини дастлаб 270 миллиард доллар деб баҳолади. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати расмий вакили Фотима Моҳажерани маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, бу ҳали аниқ бўлмаган, дастлабки ҳисоб-китоблар бўлиб, якуний рақамлар кейинроқ эълон қилинади. Баҳолаш бир неча босқичда амалга оширилади: аввало бинолар ва инфратузилмага етказилган зарар аниқланади, сўнгра давлат бюджети даромадларидаги йўқотишлар ва саноат объектлари фаолиятининг тўхташи оқибатлари ҳисоблаб чиқилади.
Эрон томони музокараларда ҳарбий репарациялар масаласини ҳам кўтармоқда. Бу мавзу ўтган ҳафта Исломободда АҚШ билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам муҳокама қилинган.
Аввалроқ, Эрон Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий мамлакат етказилган зарар ва қурбонлар учун албатта компенсация талаб қилишини билдирган эди. У Эрон урушни бошламаганини, аммо ўз “қонуний ҳуқуқларидан” воз кечмаслигини таъкидлаган.
АҚШ 28 февраль куни Исроил билан бирга Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошлаган эди. Эрон бунга жавобан, жумладан, Форс кўрфази ҳудудидаги АҚШ базаларига зарбалар берган. Айрим маълумотларга кўра, бу ҳужумлар АҚШ объектларига тахминан 1,5 миллиард доллар зарар етказган.
8 апрель куни АҚШ ва Эрон икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш режимига келишиб олди, бироқ 11 апрель куни ўтказилган музокаралар якунида томонлар якуний келишувга эриша олмади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эрон ҳукумати АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий операциясидаги роли учун беш араб давлатидан компенсация талаб қилганди. Мамлакат томонидан Баҳрайн, Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Иордания жавобгарликка тортилиши кераклиги айтилган.
Live
БарчасиСирдарёда сохта МИБ ходими қўлга тушди
16 Апрель