Сўнгги имконият: АҚШ Эрон билан музокара тузишга ҳаракат қилмоқда

Олам

image

АҚШ ва Эрон воситачилар билан бирга 45 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу вақтинчалик сулҳ кейинчалик тўлиқ тинчлик келишувига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Axios” нашри хабар берди.

АҚШ ва Эрон минтақавий воситачилар билан биргаликда 45 кунлик ўт очишни тўхтатиш шартларини муҳокама қилмоқда. Бу келишув урушни якунлаш йўлида муҳим босқич бўлиши мумкин.

Манбаларга кўра, қисман келишувга эришиш имконияти жуда кам, бироқ бу “сўнгги уриниш” ва уруш кескин кенгайиб кетишининг олдини олиш учун ягона имконият ҳисобланади.

Нашр икки манбасининг маълум қилишича, АҚШ ва Исроил Эроннинг энергетика объектларини бомбардимон қилиш бўйича режа тайёрлаб қўйган. Уларнинг айтишича, Президент Дональд Трамп ультиматум муддатини узайтирган, бу эса келишувга эришиш учун сўнгги имкониятни бериш мақсадида қилинган.

Нашр маълумотларига кўра, музокаралар Покистон, Миср ва Туркия воситачилигида олиб борилмоқда. Шунингдек, АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ўртасида ёзма мулоқот ҳам давом этмоқда.

АҚШ расмийларидан бирининг айтишича, сўнгги кунларда Вашингтон Теҳронга бир нечта таклифлар юборган, бироқ ҳозиргача уларнинг бирортаси қабул қилинмаган.

Қайд этилишича, муҳокама қилинаётган келишув икки босқичдан иборат. Биринчи босқич – 45 кунлик ўт очишни тўхтатиш. Шу давр ичида урушни тўлиқ тугатиш шартлари келишиб олиниши режалаштирилган. Воситачилар фикрича, Ҳормуз бўғозини тўлиқ очиш ва Эроннинг бойитилган уран масаласини ҳал қилиш фақат якуний келишув доирасида амалга оширилиши мумкин.

Ҳозир воситачилар Эрон биринчи босқичда ҳеч бўлмаса қисман ён беришга тайёрми ёки йўқлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Улар Теҳронни огоҳлантириб, яқин 48 соат келишувга эришиш ва кенг кўламли вайронагарчиликнинг олдини олиш учун сўнгги имконият эканини билдирган.

Шу билан бирга, Ислом Республикаси расмийлари фақат қоғозда қоладиган келишувга рози бўлишни истамасликларини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳормуз бўғози очилмаса, Эрондаги электр станциялари ва кўприкларни вайрон қилиш билан таҳдид қилганди. Трамп Эрон расмийларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаб, дарҳол бўғозни очишга чақирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Стив Уиткофф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг