АҚШдаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Жамият
−
06 Июнь 9717 2 дақиқа
Аввалроқ, АҚШдаги бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшлар ноқонуний кўча пойгаларида қатнашгани учун, кейинроқ эса яна бир неча ўзбекистонликлар йирик миқдорда товар ўғирлагани учун қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолатлар ортидан Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси огоҳлантириш билан чиқди.
“Бош консулхона Америка Қўшма Штатлари ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини мамлакат қонунчилигига қатъий риоя қилишга, маҳаллий қонунлар, анъаналар, маданият ва умумқабул қилинган жамоатчилик хулқ-атвор қоидаларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради”, дейилади хабарда.
Шунингдек, фуқаролардан ҳар қандай қонунбузарлик шахсий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳамда бу каби ҳолатлар аксарияти қонунга итоаткор бўлган, ҳалол меҳнат қилаётган, таълим олаётган, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ва Ўзбекистонни хорижда муносиб тарзда намоён этаётган бутун ўзбек жамоатчилиги ҳақидаги тасаввурга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини ёдда тутиш сўралган.
“Ушбу масала йирик халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари ўтказилаётган даврда айниқса долзарб аҳамият касб этади, зеро бу вақтда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон ва унинг фуқароларига бўлган эътибори янада ортади”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси ўз ваколатлари доирасида фуқароларга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга тайёр экани қайд этилган. Бундан ташқари, барча ўзбекистонликлардан масъулиятли бўлиш, қонун талабларига риоя қилиш ҳамда ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши ёки Ўзбекистон ва ўзбекистонликларнинг хориждаги обрўсига путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилиш сўралган.
“Ўзаро ҳурмат, масъулият ва қонунларга риоя қилиш Ўзбекистон ҳамда ватандошларимизнинг Америка Қўшма Штатларидаги ижобий имижини мустаҳкамлашга бундан буён ҳам хизмат қилишига ишонамиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Оҳайо штати Цинциннати шаҳрида ноқонуний кўча пойгалари ва автомобиль шоулари билан боғлиқ рейд давомида 6 нафар ўзбекистонлик қўлга олинганди. Орадан кўп ўтмай ўзини мафия аъзоларидек тутишга уриниб АҚШнинг шимоли-шарқий қисмидаги омборхоналардан 4,5 миллион долларлик қимматбаҳо пишлоқлар, сигареталар ва бошқа товарларни ўғирлаган бир гуруҳ ўзбекистонликлар ушлангани маълум бўлди.
Live
БарчасиМетрода повербанк ёниб кетди
08 Июнь