“Чиқиш қаерда?” “Time” журнали Трампга аталган янги муқовани чоп этди

Олам

image

“Time” журнали жорий йилнинг апрель сони учун янги муқовасини эълон қилди. Унда АҚШ Президенти Дональд Трамп қўлида Эрон харитаси билан тасвирланган ва сарлавҳа “Чиқиш қаерда?” деб ёзилган.

Мақолада айтилишича, Эрон билан уруш Трампни қийин танлов олдида қолдирган – у бир томондан можародан чиқиш йўлини топиши, бошқа томондан эса сиёсий келажагини сақлаб қолиши керак. Оқ уй раҳбари яқин маслаҳатчиларидан хавотирли маълумотлар олган. Жумладан, маъмурият раҳбари Сьюзи Уайлс ва бошқа ёрдамчилар уруш чўзилиши Трампнинг оммавий қўллаб-қувватланишига ва ноябрдаги сайловларга салбий таъсир қилишини билдирган.

Сўровлар бўйича мутахассис Тони Фабризио ҳам АҚШнинг Эрондаги ҳарбий операцияси тобора оммабоп бўлмаётганини кўрсатадиган натижаларни тақдим этган.

Шу билан бирга, мақолада Трамп Эроннинг ядро таҳдидини йўқ қилишни ўзининг асосий ютуғи деб билаётгани айтилади. Аммо айрим маслаҳатчилар унга вазиятни ҳаддан ташқари ижобий кўрсатиб, реал ҳолатни тўлиқ етказмаётгани ҳам таъкидланган.

Оқ уйда эса вақт кам қолаётгани тушунилмоқда: урушнинг чўзилиши Президент, унинг партияси ва умуман АҚШ жамияти учун янада катта йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Мақолага кўра, бу можаро замонавий тарихдаги энг йирик нефть инқирозларидан бирини келтириб чиқарган, глобал иқтисодий ўсиш прогнозлари пасайган. Агар Ҳормуз бўғози узоқ муддат ёпиқ қолса, бу жаҳон иқтисодиётини ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Time” нашри Эроннинг АҚШ ва Исроил зарбаларига берган кенг кўламли жавоби АҚШ раҳбариятини ҳайратда қолдиргани ҳақида ёзганди. Манбаларга кўра, айниқса АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет бундай кучли жавобни кутмаган. У уруш бошланишидан олдин зарбалар катта можаро келтириб чиқармайди, деб ҳисоблаган. Аммо Эрон деярли бутун минтақа бўйлаб ҳужумлар бошлаганида, у вазият жиддийлашганини тушунган ва “бунга тортилиб кетганини” англаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Дональд Трамп Time

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг