Яқин Шарқда репрессиялар ва сўз эркинлигини чеклаш кучаймоқда – БМТ

Олам

image

АҚШ ва Исроилнинг Эронга зарбалари бошланганидан бери Якин Шарқда фуқаролик маконига ва фикр билдириш эркинлигига босим сезиларли даражада ошди, бу эса кўплаб низолар ва инқирозлар фонида мавжуд қўрқув муҳитини янада оғирлаштирди. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Тюрк огоҳлантирди.

Эронда, ҳисоб-китобларга кўра, можаро бошланганидан бери миллий хавфсизликка оид айбловлар, жумладан терроризм, ўзгача фикрлаш, жосуслик ва “душман билан ҳамкорлик қилиш” гумони билан 2 минг 345 киши ҳибсга олинган.

“Январь ойидаги норозилик намойишлари ва ҳозирги можаро пайтида ўзбошимчалик билан ушланганларнинг аксарияти даҳшатли шароитларда сақланмоқда. Улар тегишли кафолатларсиз тезлаштирилган суд жараёнларидан ўтказилмоқда, бу эса ўлим жазоси қўлланилиш хавфини оширади. Аллақачон саккизта қатл ҳақида хабар берилган, улардан учтаси намойишлар билан боғлиқ. Ўнлаб бошқа маҳкумлар, жумладан болалар ҳам худди шундай қисматга дуч келиши мумкин”, деб хабар берди БМТ.

Бу ҳолатга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Тюрк ҳам муносабат билдирди. 

“Бу ғазабланарли ҳолат. Гўё уруш келтириб чиқарган азоблар етмаганидек, баъзи эронликлар ўз ҳукумати томонидан ўзбошимчалик билан ушланмоқда, қамоққа олинмоқда, тартиб-қоидаларсиз суд қилинмоқда ва айрим ҳолларда ҳатто қатл этилмоқда”, дейди Фолкер Тюрк.

Унинг сўзларига кўра, Эрон халқининг ҳуқуқлари устувор вазифага айланиши зарур, барча қатллар эса зудлик билан тўхтатилиши лозим.

Шу билан бирга, Эронда умуммиллий миқёсда интернетнинг ўчириб қўйилиши, аллақачон бешинчи ҳафтадирки давом этмоқда ва бу дунёдаги энг йирик узилишлардан бирига айланди. Шунингдек, жамоат жойларида хавфсизлик кучлари томонидан фуқароларни ёппасига сўроқ қилиш ва қўрқитиш ҳолатлари ҳақида хабар берилмоқда.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси бутун минтақа бўйлаб можаро билан боғлиқ ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар ва давлат босимининг бошқа шакллари ҳақида ташвишли хабарларни олмоқда.

“Биз барча давлатларга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини – инсонларнинг фикр билдириш эркинлиги ҳуқуқини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш зарурлигини эслатиб ўтамиз. Ҳар бир инсон ўз танқидий қарашларини, айниқса жамоатчилик учун муҳим масалаларда, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиниш ёки жазоланишдан қўрқмасдан ифода этиш ҳуқуқига эга”, дейди Фолкер Тюрк.

Унинг қайд этишича, чекловлар миллий хавфсизлик ёки жамоат тартиби нуқтаи назаридан жорий этилиши мумкин бўлса-да, улар қатъий асосланган, таҳдидларга мутаносиб ҳамда вақт ва кўлам жиҳатидан чекланган бўлиши шарт. Ёппасига тақиқлар, қоида тариқасида, халқаро ҳуқуққа зид келади.

“Ҳибсга олинганлар юридик ёрдам олиш, тегишли ҳуқуқий тартиб-таомиллар ва адолатли судланиш ҳуқуқига эга. Дастлабки қамоққа олиш фақат ўта зарур чора сифатида қўлланилиши керак. Ўзбошимчалик билан ушланганлар зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз озод этилиши лозим. Ўлим жазоси яшаш ҳуқуқига зиддир ва халқаро ҳуқуқ билан ҳимояланган ҳаракатлар учун қўлланилмаслиги керак”, дейди Олий комиссар.

БМТнинг бош ҳуқуқ ҳимоячиси, шунингдек, ОАВ эркинлигини чеклашга бўлган уринишларга ҳам эътибор қаратган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эронда ёшлар терма жамоасининг 19 ёшли курашчиси Солиҳ Муҳаммадийга нисбатан ўлим ҳукми ижро этилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

сўз эркинлиги Фолкер Тюрк репрессия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг