Эрдўған Туркия журналистларни қамаш бўйича биринчи бўлаётганига муносабат билдирди
Олам
−
13 Май 2023
9321Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 11 май куни ёшлар билан анъанавий сайловолди учрашувини ўтказиб, уларнинг саволларига жавоб берди. Унда давлат раҳбаридан Туркияда журналистлар қамалаётгани, матбуот эркинлиги йўқлиги ҳақидаги гапларга муносабати сўралди.
Президент бунга жавобан, Туркияда шу пайтга қадар даъво қилинаётгани каби журналистлар қамалмагани, қамоқдагилари ҳам касбига алоқадор бўлмаган жиноятлар: ўғрилик, қурол контрабандаси кабилар билан айбланганини таъкидлади.
“Буни иддао қилаётганларга айтамизки, марҳамат, (қамалган журналистларнинг) исмларини айтинг, билайлик биз ҳам кимлигини. Эътибор беринг, қамалгани иддао қилинаётганлардан икки нафари Халқ демократик партиясидан мазкур сайловларда номзод бўлди. Ҳатто, мен Адлия вазиридан шунга ўхшаш иддаолар бор, буларнинг қанчалик тўғрилигини сизлар ҳам бир суриштиринглар, деб сўрайман. Уларнинг айтишича, бундай ҳолат кузатилгани йўқ, буларнинг бари ёлғон. Жиддий маънода сўраяпман, бизга ўша исмларни айтишсин, агар вазият чиндан ҳам юқоридагидек бўлса, биз ҳам буни текшириб кўрайлик”, дейди у.
Шунингдек, у ўзининг интеллектуал жиноят учун қамалганини эслаган. Ўшанда Истанбул ҳокими вазифасини бажарган Эрдўған 1997 йилнинг декабрида Сиирт вилоятида омма олдида Зиё Гўкалпнинг 1912 йилда Болқон уруши вақтида ёзилган “Аскар дуоси” шеърини ўқигани учун қамалганди. Шеърнинг асл шакли қуйидагича эди:
Қўлимда милтиқ-у, қалбимда имон,
Икки тилагим бор: дин ила Ватан.
Ўчоғим армия, буюгим султон,
Султонга мадад бер, ё Раббий!
Умрини узоқ қил, ё Раббий!Гумбазлар — дубулға, найза — минора,
Бу илоҳий лашкар динимни кутар.
Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар!Йўлимиз ғазот, сўнги шаҳодат,
Динимиз истар сидқ ила хизмат.
Онамиз ватандир, бобомиз миллат,
Ватанни маъмур айла, ё Раббий!
Миллатни масрур айла, ё Раббий!Санжоғим тавҳид-у, байроғим ҳилол,
Бириси яшилдир, яна бири ол.
Исломга ачингин, душмандан ўч ол,
Исломни обод айла, ё Раббий!
Душманни барбод айла, ё Раббий!Қўмондон, зобит эрур боболаримиз,
Сержант-у, ўнбошидир оғаларимиз,
Қатъий ва ҳурматлидир қонунларимиз.
Лашкарни бутун айла, ё Раббий!
Санжоқни устун айла, ё Раббий!Жанг майдонида неча алп йигит,
Дин ва юрт учун бўлдилар шаҳид,
Ўчоғи ўчмасин, сўнмасин умид,
Шаҳидни маҳзун этма, ё Раббий!
Наслини забун этма, ё Раббий!
Бу шеър Болқон уруши вақтидаги аскарларга бағишланган бўлиб, ундаги “душман” сўзи Болгария ҳамда Болқон қўшинларини, “султон” эса Усмонли Турк султони Рашодни ифодалайди. Эрдўған дастлабки мисраларни қуйидагича ўзгартиради:
Миноралар — найза, гумбаз — дубулға,
Масжидлар — қалъа, мўминлар — аскар.
Бу илоҳий лашкар динимни кутар
Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар!
Шеърдан сўнг у “ҳар бир даврнинг Фиръавнлари ва Намрутлари бордир. Бироқ уларнинг қаршисига чиқадиган Мусо ва Иброҳимлар тўсиқларни енгиб, йўлларни тозалайдилар”, дея таъкидлайди. 1997 йил 7 декабрда унинг шу сўзлари учун “ирқ, дин ва мазҳаблар ўртасида нафрат қўзғаш” бўйича жиноий иш очилади. Қизиғи шундаки, бу шеър мамлакат Миллий таълим вазирлиги ўқитувчилар ва ўрта мактаб ўқувчилари учун тавсия этган “Турк ва Туркийлик” номли китобга киритилган эди. Шунга қарамай, у 1998 йил 21 апрелда 1 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, 860 минг турк лираси миқдорида жаримага тортилган. Тўрт ойлик қамоқдан сўнг, апелляция суди қарорни ўзгартириб, Эрдўғанни озод қилди.
Президент бир гуруҳ танланган ёшлар билан учрашувда айнан шу воқеани хотирлади. Эрдўған қанча қамоқхонада неча нафар журналист сақланаётганини аниқлашга чақирди. Шунингдек, уларнинг ўз касбига алоқадор бўлмаган жиноятлар билан қамалганини қўшимча қилди.
Маълумот учун, дунё бўйича шу пайтга қадар қамалган журналистларнинг учдан бир қисми Туркия ҳиссасига тўғри келади. Туркия яқинда “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти томонидан эълон қилинган сўз экринлиги рейтингида 180 та давлат ичида 165-ўринда қайд этилган. Шунингдек, мамлакат оммавий ахборот воситаларининг 90 фоизи ҳукуматпараст ишбилармонларга тегишли бўлиб қолаётгани айтилади.
LiveБарчаси