Ўзбекистон Жаҳон банкидан 200 млн АҚШ доллари қарз кўтарди
Жамият
−
24 Март 8517 2 дақиқа
Жаҳон банки Ўзбекистонга транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва соҳада комплекс ислоҳотларни амалга ошириш учун 200 миллион АҚШ доллари ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.
Маълум бўлишича, янги лойиҳа доирасида Сурхондарё вилоятида Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги “Автойўлинвест” агентлиги М41 минтақавий автомобиль йўлининг 91 км қисмини реконструкция қилади. Ушбу йўл Ўзбекистонни Тожикистон, Қирғизистон Республикаси ва Афғонистон билан боғлайди. Мавжуд икки қаторли йўл тўрт қаторли автомагистралга кенгайтирилади.
Реконструкция якунлангач, ушбу йўл қисмидан ҳар куни қарийб 35 000 ҳайдовчи ва йўловчи фойдаланади. Шунингдек, автомагистралга ёндош ҳудудларда яшовчи тахминан 550 000 аҳолининг транспорт хизматлари ва иқтисодий имкониятлардан кенгроқ фойдаланишини таъминлайди. Жумладан, бизнесни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш назарда тутилган.
Лойиҳа йўл қопламаси сифатини яхшилаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва автобус бекатларининг қулайлигини яхшилаш бўйича қурилиш ишларини молиялаштиради. Шунингдек, сув тошқинлари хавфини камайтириш учун 180 га яқин кўприк ва дренаж иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Ушбу чора-тадбирлар автомобиль йўлининг реконструкция қилинаётган қисмида йўл-транспорт ҳодисалари ва ўлим ҳолатлари сонини камайтиришга ва йўлга кетадиган вақтни қисқартиришга (аҳоли пунктларидан ташқарида ўртача тезлик 65 км/соатдан тахминан 90 км/соатгача ошади) ҳамда йўловчи ва юк ташишнинг ишончлилигини оширишга ёрдам беради.
Лойиҳа, шунингдек, Транспорт вазирлигига мультимодал ташувларни ривожлантириш миллий стратегиясини ишлаб чиқишда ёрдам беради. Ушбу стратегия транспорт хизматлари ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат органларининг салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган.
Шу билан бирга, лойиҳа доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ўз бизнес-жараёнларини, жумладан корпоратив бошқарувни мустаҳкамлаш, молиявий шаффофликни ошириш, йўловчи ташишни режалаштиришни яхшилаш ва экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ЭСГ) амалиётларини жорий этиш орқали такомиллаштирилиши айтилган.
Live
БарчасиИсроил Байрутга зарба бермоқда
05 Апрель