Тошкент шаҳри ва туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил қилиш чекланади
Жамият
−
23 Март 1879 5 дақиқа
Жорий йил 1 октябрдан Тошкент шаҳри ва туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил этиш чекланади. Бу ҳақда бугун, 23 март куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимотда сўз боради.
Атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш, шаҳар ва ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик таълим ва маданиятни юксалтириш, шунингдек, чўлланишга қарши курашишнинг илмий ва амалий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилган.
Аввало, “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси доирасида режалаштирилган ишлар ҳақида ахборот берилган.
Қайд этилишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражаси белгиланган меъёрдан юқори бўлиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу Навоий, Фарғона, Чирчиқ ва Термиз шаҳарларида ҳам қайд этилмоқда. Ҳаво ифлосланишининг асосий омиллари сифатида саноатнинг ўсиши, углерод ёқилғиларидан кенг фойдаланиш, транспорт воситалари сонининг кўпайиши, табиий омиллар ва назоратнинг етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Шу муносабат билан 2030 йилга қадар атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини қисқартириш, саноат объектларида ташламаларни ушлаб қолиш улушини ошириш, транспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш ҳамда PM2,5 бўйича меъёрдан ошиш кузатиладиган кунлар сонини пасайтириш асосий мақсадлар этиб белгиланган.
Амалга оширилган тезкор чоралар натижасида Тошкент шаҳрида ҳаво сифати муайян даражада яхшиланган. Жумладан, 2026 йил январь-февраль ойларида PM2,5 концентрацияси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли пасайган. Энди бу йўналишда ҳудудий дастурлар босқичма-босқич қабул қилиниб, ҳар бир вилоятда таҳлил ва диагностика, ягона ҳаво мониторинги ҳамда ифлосланиш манбаларини инвентаризация қилиш ишлари ташкил этилади.
“Тоза ҳаво” лойиҳасида энергетика ва саноат тармоқларига алоҳида эътибор қаратилган. Маҳсулотининг маълум қисмини муқобил энергия ҳисобига ишлаб чиқарадиган корхоналарга солиқ имтиёзлари ва молиявий рағбатлар бериш, автоматик мониторинг станциялари, фильтрлар, чанг-газ тозалаш ҳамда энергия самарадор ускуналарни кенг жорий этиш кўзда тутилган. Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги саноат корхоналарида мажбурий автоматик мониторинг постлари ўрнатилиб, уларнинг маълумотлари ягона геоахборот тизимига интеграция қилинади. Бундай талабларга амал қилмаган субъектлар учун компенсация тўловлари кескин оширилади.
Қурилиш соҳасида ҳам экологик талаблар кучайтирилади. Янги қуриладиган йирик объектларни лойиҳалаштиришда кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш, қурилиш материалларини ёпиқ шароитда сақлаш, чиқиндиларни махсус қувур ва контейнерлар орқали тушириш, майдонларни ҳимоя тўсиқлари билан ўраш, онлайн кузатув камераларини ўрнатиш каби талаблар белгиланмоқда.
Шунингдек, “шамол йўлаклари”ни сақлаш, экологик экспертиза хулосасини қурилиш жараёнларида мажбурий ҳисобга олиш, шаҳарнинг экологик ва сув ресурсларини бошқариш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш таклиф этилган.
Табиий чанг омилларини камайтириш бўйича ҳам аниқ чоралар белгиланган. Тошкент шаҳри атрофида “яшил белбоғ” барпо этиш, Сурхондарё ва Сирдарёда чанг бўронларининг олдини олиш учун “яшил девор”лар ташкил қилиш, сунъий кўллар ва сув ҳавзаларини барпо этиш, пойтахт туманларида фаввораларнинг сонини кўпайтириш, баргларни компост ва мульча сифатида қайта ишлаш амалиётини йўлга қўйиш шулар жумласидан. Буларнинг барчаси ҳаво таркибидаги чанг заррачаларини камайтириш ва шаҳар муҳитини соғломлаштиришга хизмат қилади.
Транспорт соҳасида ҳавони муҳофаза қилиш бўйича алоҳида йўналишлар ҳам белгиланган. Мотор ёқилғиси стандартларини босқичма-босқич кучайтириш, автотранспорт воситаларини “қизил”, “сариқ” ва “яшил” стикеларни берган ҳолда экологик тоифаларга ажратиш, техник кўрикни экологик талаблар билан боғлаш, эски автотранспортни янгилаш дастурларини амалга ошириш, жамоат транспорти улушини ошириш назарда тутилмоқда. Бу орқали йўл ҳаракати билан боғлиқ ифлосланиш ҳажмини қисқартириш, айниқса, йирик шаҳарлар марказида ҳаво сифатини яхшилаш мақсад қилинган.
“Тоза ҳаво” лойиҳасининг муҳим таркибий қисми сифатида иссиқхоналар масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида иссиқхона хўжаликлари жуда кўп, улар орасида иситиш манбалари сифатида кўмир, мазут ва ностандарт ёқилғидан фойдаланувчи иссиқхоналар улуши ҳам юқори, улар чиқараётган NO2, SO2 ва PM2,5 каби хавфли моддалар ҳаво сифатига жиддий таъсир кўрсатаётгани қайд этилган. Қолаверса, Тошкент ҳудудида йиллик қуёш нурланиши қолган ҳудудларга қараганда нисбатан паст бўлгани сабабли бу ерда иссиқхонада маҳсулот етиштириш харажати анча баланд. Масалан, январь ойида Тошкентда ўртача ҳарорат Цельсий бўйича 6 даража иссиқ бўлса, Термизда – 10,8 даража иссиқ. 1 тонна иссиқхона маҳсулотини етиштириш харажати Тошкент вилоятида 11,9 миллион сўмни, Сурхондарёда эса 4,9 миллион сўмни ташкил этади.
Маҳсулотларни инсоляция даражаси юқори бўлган ҳудудларда етиштириш иссиқхона хўжаликларининг молиявий ҳолати учун ҳам, ички бозордаги нарх барқарорлиги нуқтаи назаридан ҳам манфаатли ҳисобланади.
Шу боис, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхоналарни энергия тежамкор ва табиий-иқлим шароити қулай бўлган ҳудудларга босқичма-босқич кўчириш таклифи билдирилган. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида камида 940 гектар майдонда агропарк ташкил этиш режалаштирилган. Бу ҳудудда қуёш нурланиши юқори, қиш нисбатан юмшоқ, иситиш харажатлари анча паст бўлиб, бу маҳсулот таннархини кескин тушириш имконини беради.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил этишни чеклаш, шу билан бирга, кўчирилаётган хўжаликларга инфратузилма, кредит ва логистика бўйича имтиёзлар бериш назарда тутилмоқда.
Live
Барчаси