Эрон Форс кўрфазидаги барча денгиз йўлларини миналаш билан таҳдид қилди

Олам

image

Теҳрон АҚШнинг мамлакат соҳилларида ёки оролларида қуруқликдаги операцияси бошланган тақдирда Форс кўрфазидаги барча денгиз йўлларини миналаб ташлайди. Бу ҳақда Эрон Мудофаа кенгаши баёнотига таяниб, “Fars” хабар берди. https://t.me/farsna/423005

“Душманнинг Эрон соҳиллари ёки оролларига ҳужум қилишга бўлган ҳар қандай уриниши, одатдаги ҳарбий амалиётга мувофиқ, Форс кўрфази ва соҳилдаги барча ўтиш жойлари ҳамда транспорт линияларининг турли хил денгиз миналари, жумладан, сузувчи миналар билан миналанишига олиб келади”, дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, нейтрал давлатлар учун Ҳормуз бўғози орқали ўтишнинг ягона йўли транзитни Теҳрон билан келишишдир. Эрон Мудофаа кенгаши, шунингдек, “ҳар қандай тажовузга қатъий ва вайронкор жавоб беришга содиқлигини” маълум қилган. 

Яқин Шарқдаги можаро бошланганидан сўнг, дунёнинг асосий нефть артерияларидан бири бўлган Ҳормуз бўғозида кемалар ҳаракати деярли тўхтаб қолди. Ушбу денгиз йўли орқали жаҳон нефтининг 20 фоизигача ва суюлтирилган табиий газнинг (СТГ) 30 фоиздан ортиғи ўтади. Баъзи кемалар бўғоздан ўтишга уринганда Эрон ҳарбийлари томонидан ҳужумга учраган. 

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йил 21 март куни Эронга ультиматум қўйиб, агар Теҳрон 48 соат ичида Ҳормуз бўғозини очмаса, мамлакат электр станцияларини йўқ қилиш билан таҳдид қилганди. Трампнинг таҳдидига изоҳ берар экан, Теҳрон Исроилнинг барча энергетика қувватлари Эрон нишонида эканлигини ва уларни “бир кун ичида йўқ қилиб ташлаши” мумкинлигини айтди.  

Бундан ташқари, “The Wall Street Journal” нашрининг хабарига кўра, Вашингтон денгиз йўли орқали хавфсиз ўтишни таъминлаш мақсадида Эроннинг жанубий соҳилидаги бир ёки бир нечта оролларни эгаллаш учун денгиз пиёдаларидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда. АҚШ, шунингдек, Яқин Шарққа минглаб денгиз пиёдалари бўлган олтита десант кемасини юборган. 

Эрон эса бу вақтда Ҳормуз бўғози устидан назоратнинг янги усулини жорий қилиб, баъзи кемалардан 2 миллион доллар миқдорида тўлов ундиришни бошлади. Эрон расмийларининг таъкидлашича, бу чора аллақачон амалга оширилган ва бўғоздаги “янги суверен режим”ни ифодалайди. “The Washington Post” ёзишича, Эрон АҚШ ва Исроил билан урушда талофатларга қарамай, таслим бўлишдан ва дипломатик ечимдан бош тортмоқда ва Ҳормуз бўғозини назорат қилиш орқали босимни кучайтиришга умид қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Форс кўрфази

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг