Трамп Эронга Ҳормузни очиш учун 48 соат муҳлат берди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронга навбатдаги ультиматумни қўйди. У 48 соат ичида Ҳормуз бўғозини блокададан чиқариш, акс ҳолда мамлакатнинг энергетика объектларини йўқ қилиш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда у бугун, 22 март куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.

“Агар Эрон шу дақиқадан бошлаб 48 соат ичида Ҳормуз бўғозини тўлиқ ва таҳдидларсиз очмаса, АҚШ ушбу мамлакатнинг турли электр станцияларига, энг йиригидан бошлаб зарба беради ва уларни йўқ қилади!” деб ёзди Трамп.

Эрон армияси Оқ уй раҳбарининг таҳдидига дарҳол муносабат билдирди.

“Агар Эроннинг нефть ва энергетика инфратузилмаси душман томонидан ҳужумга учраса, минтақадаги АҚШ ва режимнинг барча энергетика, IT ва сувни чучуклаштириш объектлари нишонга айланади”, дейилади “Fars” агентлиги томонидан эълон қилинган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) тезкор қўмондонлиги баёнотида.

Ультиматумдан тахминан бир соат олдин Дональд Трамп “The New York Times” таҳлилчиси Дэвид Сангернинг мақоласига ҳам муносабат билдирган. Таҳлилчи АҚШ Президенти Эронда ҳали кўплаб ҳарбий мақсадларига эриша олмаганини ёзган.

“Йўқ, мен мақсадларимга режалаштирилганидан бир неча ҳафта олдин эришдим! Уларнинг раҳбарияти йўқ қилинди, флоти ва ҳарбий ҳаво кучлари тор-мор этилди, уларда мутлақо мудофаа қолмади ва улар келишув тузмоқчи. Мен эса йўқ!” деб жавоб қайтарди Трамп.

Шунингдек, у “АҚШ Эронни ер юзидан супуриб ташлаганини” даъво қилиб, NYT нашрини ва унинг таҳлилчисини кескин танқид қилди.

Эронга қарши уруш ва Ҳормуз бўғози блокадаси

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан буён жаҳон нефть ва суюлтирилган табиий газ ташувларининг қарийб 20 фоизи ўтадиган Ҳормуз бўғози Эрон армияси томонидан амалда тўсиб қўйилган. Эрон, шунингдек, Форс кўрфази минтақасидаги қатор давлатларнинг нефть объектларига ва танкерларга зарбалар бермоқда, бу эса дунёда энергия ресурслари нархининг кескин ошишига олиб келди. Ушбу вазиятда Дональд Трамп НАТО бўйича иттифоқчиларни “қўрқоқликда” айблаб, уларни бўғоз хавфсизлигини таъминлашда фаолроқ иштирок этишга чақирди.

Даллас Федерал заҳира банки (ФЗБ) ҳисоб-китобларига кўра, агар Ҳормуз бўғози блокадаси июнь ойи охиригача давом этса, иккинчи чоракда жаҳон иқтисодий ўсиши йиллик нисбатда 2,9 фоиз бандга қисқаради. Агар бўғоз йилнинг уч чораги давомида ёпиқ қолса, йил якунига бориб нефтнинг бир баррели нархи 132 долларга етиши башорат қилинмоқда.

Жорий йил 28 февралдан буён АҚШ ва Исроил Эронга авиазарбалар бермоқда. Ушбу ҳужумлар оқибатида Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳамда бир қатор юқори мартабали мулозимлар ва ҳарбийлар ҳалок бўлди. Эрон бунга жавобан Форс кўрфази минтақасидаги қўшни давлатларга ракета ва дронлар билан ҳужум қилмоқда. Ислом Республикаси баёнотига кўра, бу ҳужумлардан мақсад минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларидир. Шунингдек, Эрон зарбалари остида бир неча мамлакатларнинг нефть омборлари ва танкерлари ҳам қолган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 22 давлат етакчилари қўшма баёнот эълон қилиб, Эронни Ҳормуз бўғозини ёпгани ва бошқа ҳаракатлари учун қоралаганди. Баёнотни БАА, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Нидерландия, Япония, Канада, Жанубий Корея, Янги Зеландия, Дания, Латвия, Словения, Эстония, Норвегия, Швеция, Финляндия, Чехия, Руминия, Баҳрайн, Литва ва Австралия раҳбарлари имзолаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Дональд Трамп Ҳормуз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг