22 давлат Ҳормуз бўйича қўшма баёнот берди

Олам

image

22 давлат етакчилари қўшма баёнот эълон қилиб, Эронни Ҳормуз бўғозини ёпгани ва бошқа ҳаракатлари учун қоралади. Ушбу ҳужжат кеча, 21 март куни БАА Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинди.

Баёнотни БАА, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Нидерландия, Япония, Канада, Жанубий Корея, Янги Зеландия, Дания, Латвия, Словения, Эстония, Норвегия, Швеция, Финляндия, Чехия, Руминия, Баҳрайн, Литва ва Австралия раҳбарлари имзолаган.

“Биз Эроннинг Форс кўрфазидаги қуролсиз тижорат кемаларига, нефть-газ объектлари каби фуқаролик инфратузилмаларига қилган ҳужумларини ҳамда Ҳормуз бўғозининг Эрон кучлари томонидан амалда ёпиб қўйилишини кескин қоралаймиз.

Низонинг кескинлашувидан чуқур хавотирдамиз. Биз Эронни таҳдидларни, миналар ўрнатишни, дрон ва ракеталар ёрдамидаги ҳужумларни ҳамда бўғозни тижорат кемалари учун тўсиб қўйишга бўлган ҳар қандай уринишларни зудлик билан тўхтатишга ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2817-сонли резолюциясини бажаришга чақирамиз”, дейилади баёнотда.

Ҳужжатда кема қатнови эркинлиги халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойили экани алоҳида таъкидланган.

“Шу муносабат билан биз фуқаролик инфратузилмалари, жумладан, нефть-газ объектларига ҳужум қилишга нисбатан зудлик билан кенг қамровли мораторий жорий этишга чақирамиз.

Биз бўғоз орқали хавфсиз ўтишни таъминлаш бўйича тегишли саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшишга тайёрмиз. Тайёргарлик режалаштиришида иштирок этаётган мамлакатларнинг интилишларини олқишлаймиз.

Халқаро энергетика агентлигининг стратегик нефть захираларини мувофиқлаштирилган ҳолда муомалага чиқариш қарорини қўллаб-қувватлаймиз. Энергетика бозорларини барқарорлаштириш учун бошқа чоралар, жумладан, айрим ишлаб чиқарувчи давлатлар билан қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича иш олиб борамиз.

Шунингдек, энг кўп зарар кўрган мамлакатларга БМТ ва халқаро молия институтлари орқали ёрдам кўрсатиш устида ишлаймиз”, дея якунланган баёнот.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Нидерландия, Япония ва Канада Ҳормуз бўғозидаги вазият бўйича қўшма баёнот берган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон қўшма баёнот Ҳормуз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг