Эронда режимни ағдаришга уринган 2 киши қатл этилди
Олам
−
20:27 1664 2 дақиқа
Бугун, 4 апрель куни Эрон Олий судининг қарори билан 2 маҳкум – Абулҳасан Мунтазир ҳамда Воҳид Банимериан амалдаги исломий ҳукумат томонидан таъқиқланган Эрон мужоҳидлар партиясига аъзо бўлганликда айбланиб қатл этилди. Шунингдек, уларга исломий режимни ағдаришга уриниш айблови ҳам қўйилган. Бу ҳақда Эрон Олий судига таяниб, “Al Jazeera” хабар берди.
Эрон Олий суди Абулҳасан Мунтазир ва Воҳид Баниамерианни давлат режимини ағдаришга уриниш, қуролли тўқнашувларда иштирок этиш, ҳамда террористик босқинларни содир этганликда айбдор деб топган ва уларни ўлим жазосига ҳукм қилган. Ҳукм бугун, 4 апрель тонгида ижро этилган. Эрон Олий суди ушбу хабарни тасдиқлаб, мамлакат суд тизимининг расмий веб-сайтида пост қолдирган.
“Бугун, 4 апрель тонгида Абулҳасан Мунтазир ва Воҳид Баниамер амалдаги давлат режимига ва Эрон халқининг хавфсизлигига тахдид қилганларини тан олиб, ўз айбларига иқрор бўлганларидан сўнг осиб ўлдирилди. Эрон халқининг хавфсизлигига тахдид кечирилмас жиноят ҳисобланиб, бу ишни содир этган кимсалар энг олий жазога ҳукм қилинади”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Эрон мужоҳидлар партияси ҳам ўзининг расмий сайтида уларнинг қатл этилганини тасдиқлаган ҳамда Абулҳасан Мунтазир ва Воҳид Баниамерни “шаҳид” деб эълон қилган. Қолаверса, ташкилот жорий йилнинг 2 апрелида қатлларни қоралаб, расмий Теҳроннинг ҳаракатларини мухолифатни бостириш учун “беҳуда уриниш” деб атаган.
“Ушбу шафқатсиз қатллар мухолифатнинг овозини ўчирмайди, аксинча, исёнкор Эрон ёшларининг тузумни ағдаришга бўлган қатъиятини кучайтиради. Биз ўз йўлимиздан қайтмаймиз ва яқин орада золим режимнинг ағдарилишига ишонамиз ”, дейилади ташкилот хабарида.
Маълумот ўрнида, Эрон мужоҳидлар партияси дастлаб Эрондаги шоҳ режимига қарши бўлган ва 1979 йилги ислом инқилобини қўллаб-қувватлаб, Руҳуллоҳ Ҳоманаийни Олий раҳномо сифатида тан олган. Бироқ 1980 йилларнинг охирига келиб ташкилот Теҳрондаги янги раҳбарият билан келишолмай қолганидан сўнг Эронда “террорчи” ташкилот деб эълон қилинган. Ўшандан буён партия ўз фаолиятини сургунда, ҳусусан Ливанда юритиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эронда ёшлар терма жамоасининг 19 ёшли курашчиси Солиҳ Муҳаммадийга нисбатан ўлим ҳукми ижро этилиб, спортчи Қум шаҳрида осиб ўлдирилгани ҳақида хабар берилган эди.
Ҳожиакбар Муҳаммаджонов
Live
Барчаси