Мексика самолёти АҚШда ҳалокатга учради. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
23 Декабрь 3548 1 дақиқа
Бугун, 23 декабрь куни Мексика Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли King Air ANX 1209 самолёти АҚШнинг Техас штатидаги Галвестон шаҳри яқинида қўниш пайтида ҳалокатга учради. Бу ҳақда CNN хабар берди.
АҚШ Соҳил қўриқлаш хизматига кўра, самолёт куйиш жароҳатларини олган беморларни олиб кетаётган бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, 5 киши ҳалок бўлган, уларнинг ичида 2 ёшли бола ҳам бор. Қидирув-қутқарув ишлари давомида тўрт киши тирик ҳолда топилган, бортда бўлган яна бир киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. KFDM телеканали маълумотига кўра, камида бир нафар бола сувдан чиқарилиб, тез ёрдам машинасига жойлаштирилган.
King Air самолётида инсонпарварлик миссияси доирасида парвоз амалга оширилаётган бўлган. Ҳаво кемаси ҳалокатга учрагач, АҚШ Соҳил қўриқлаш хизмати томонидан дарҳол қидирув-қутқарув ишлари бошланган. Икки кишини қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган. Ҳозирда ҳалокатга учраган самолёт ичида қолаётган яна икки кишини қидириш ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мексикада фавқулодда қўнишга уринаётган кичик хусусий самолёт қулаши оқибатида камида етти киши ҳалок бўлганди.