Индонезияда сув тошқинлари оқибатида 15 киши ҳалок бўлди
Олам
−
04 Ноябрь 2025 1128 2 дақиқа
Индонезиянинг шарқий Папуа минтақасида кучли ёмғирдан кейин содир бўлган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Индонезия ҳукумати шарқий Папуа минтақасида дарёдан ўтаётганда 15 киши, асосан болалар сув остида қолгани ва сув тошқинидан зарар кўрган бошқа қишлоқда бедарак йўқолган саккиз нафар болани қидириш ишлари давом этаётгани ҳақида хабар берган.
Маҳаллий полиция бошлиғи Альфредо Агустинус Румбиакнинг айтишича, ҳодиса жорий йилнинг 1 ноябрь куни Ндуга вилоятининг чекка Даль қишлоғида юз берган. У ерда кучли ёмғир дарёнинг кўтарилишига олиб келган ва саккиз ёшдан 17 ёшгача бўлган 15 кишини оқизиб кетган. Румбиакнинг қўшимча қилишича, бир нафар жасад топилган, қолганларини қидириш ишлари давом этмоқда.
Полиция шу куннинг ўзида яқин атрофдаги қишлоқда содир бўлган шунга ўхшаш ҳодисада сув остида қолган саккиз нафар болани ҳам қидирмоқда. Болалар ота-оналари билан бошқа дарёни кесиб ўтаётганида, кўтарилган сув уларни тортиб кетган.
Индонезиянинг табиий офатлар оқибатларини юмшатиш агентлиги аҳолини Папуанинг бир қанча ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши кутилаётгани ва тошқинларга тайёр бўлиш ҳақида огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вьетнамда сўнгги кунларда кузатилган кучли тошқин ва кўчкилар оқибатида камида 37 киши ҳалок бўлганди. Расмийлар ҳафтанинг охирида қуруқликка чиқиши кутилаётган яна бир кучли тайфун яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирган.
Моҳичеҳра Қадамова