Макроннинг хотинини “эркак” деганларга қарши суд бошланди
Олам
−
28 Октябрь 2025 4123 3 дақиқа
Франция Президенти Эммануэль Макроннинг рафиқаси Брижит Макронга қарши интернет орқали туҳмат ва ёлғон маълумот тарқатиш иши бўйича суд жараёни бошланди. Бу ҳақда “France24” хабар берди.
Маълум қилинишича, 10 судланувчи Брижит Макронга нисбатан “эркак” деган асоссиз миш-мишларни тарқатганликда айбланмоқда.
Айбланувчилар орасида 8 эркак ва 2 аёл бор, уларнинг ёши 41 дан 65 ёшгача. Улар, шунингдек, Брижит Макрон (72 ёш) билан турмуш ўртоғи Эммануель Макрон (47 ёш) ўртасидаги 24 ёш фарқ ҳақида ҳақоратли фикрлар билдирганликда ҳам айбланмоқда.
ОАВнинг ёзишича, Брижит Макроннинг адвокати судда унинг шахсан иштирок этмаслиги ва келажакда ҳам қатнашишни режалаштирмаётганини билдирган. Дастлабки тингловда у йўқ эди, бироқ унинг қизи кейинги мажлисда гувоҳлик бериши мумкин.
Судланувчилар орасида лавозимдаги амалдор, галерея эгаси, ўқитувчи ва блогерлар ҳам бор.
Яна бир айбланувчи бу – Наташа Рейдир. У ўзини “мустақил журналист” деб атаган. Наташа Брижит Макронга туҳмат қилгани учун аллақачон судланган эди.
2021 йилда YouTube’да у Макроннинг аёлини очиқдан очиқ “эркак” деб атаган.
“Аслида Брижит Макрон деган аёл йўқ, у жинсини ўзгартирган”, деган эди ўша суҳбатда журналист.
Кейинчалик улар апелляцияда ғалаба қозонган, бироқ энди Брижит Макрон ва унинг укаси апелляция қароридан шикоят қилиб, ишни қайта кўриб чиқишни сўраган.
Брижит Макрон ҳақида у “эркак” деган гап-сўзлар 2017 йилдан бери интернетда тарқалиб келмоқда, яъни Макрон Франция Президенти бўлганидан бери ва бу Макронни кўролмайдиганлар томонидан уюштирилган хийла ҳам бўлиши мумкин.
Аниқ асосга эга бўлмаган гаплар АҚШда ҳам айрим доираларда машҳур бўлган, уларни асосан ўнг қанот блогер Кэндис Оуэнс тарқатган.
Ўтган ёзда Макронлар жуфтлиги Кэндис Оуэнсга қарши даъво аризаси топширган, чунки у ҳақиқатни исботловчи далилларга қарамай, бу ёлғонларни тарқатишда давом этгани айтилган.
Эммануэль Макроннинг сўзларига кўра, у даъво аризаси бериб, ўз шаънини ҳимоя қилган, Оуэнс эса “ўз ғоялари ва ўнг радикал доиралар билан алоқалари учун атайлаб ёлғонларни тарқатган”, бу орқали унга шахсий зарар етказишга уринган.
Маълумот учун, Брижит Макрон ўзининг эри Эммануэлни у ҳали мактаб ўқувчиси бўлган пайтда, ўша мактабда ўқитувчи сифатида ишлаётганда таниган. Улар 2007 йилда турмуш қурган – ўшанда Эммануэль Макрон 29 ёшда, Брижит эса 54 ёшда эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти оиласи АҚШ судида бринчи хоним Брижит Макроннинг аёл эканини исботловчи “фото ва илмий далиллар” тақдим этмоқчи экани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси