Украина Россиянинг ичкарисига зарбаларни кўпайтиради – Зеленский

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский мамлакат кучлари Россия ҳудудининг ичкарисига қаратилган зарбаларни кенгайтиришга тайёрланаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди. 

Зеленскийнинг айтишича, бу масала кеча, 27 октябрь куни Олий бош қўмондон штаби йиғилишида муҳокама қилинган.

“Асосий мавзу – Россияга нисбатан узоқ муддатли санкциялар қўллаш имконияти эди. Биз муайян давр ичида амалга оширилган зарбалар самарадорлигини таҳлил қилдик. Россиянинг нефтни қайта ишлаш соҳаси аллақачон уруш учун анча катта нарх тўламоқда ва бу нарх янада ошади. Энди эса узоқ масофали зарбаларимизни янада кенг ҳудудда амалга ошириш вазифалари белгиланди”, дея ёзган Зеленский. 

Президентнинг сўзларига кўра, йиғилишда илк бор узоқ масофали қуроллар – дрон, ракета ишлаб чиқарувчилар, уларни амалда қўллаш ва молиялаштириш учун масъуллар, шунингдек дипломатлар бир жойда тўпланган. Энг самарали ишлаб чиқарувчилар билан уч йиллик узоқ муддатли шартномалар имзоланмоқда ва уларнинг сони ортиб боради.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Россиянинг ичкарисига бериладиган зарбалар бўйича барча топшириқлар йил охиригача тўлиқ бажарилиши керак, бу эса узоқ масофали зарбалар ҳудудини кенгайтиришни ҳам ўз ичига олади.

Манбаларга кўра, Украина яқин кунларда Британиянинг Storm Shadow қанотли ракеталари ёрдамида Россия ҳудудига яна зарбалар беришни режалаштирган. Бу ракеталар 290 км дан ортиқ масофага учади. 21 октябрь куни Украина Қуролли кучлари Брянск вилоятидаги кимё заводига – порох, портловчи модда ва ракета ёқилғиси компонентларини ишлаб чиқарувчи объектга Storm Shadow орқали зарба берган эди.

Қолаверса, Украина Мудофаа вазирлиги июнь ойида Россияга қарши узоқ масофали зарбалар сони ва кўламини бир неча баравар оширишни режалаштирганини билдирган эди. Бунинг учун ўн минглаб зарба берувчи дронлардан фойдаланилиши кутилмоқда. Август ойидан бошлаб Украина Россия саноатига, жумладан, нефтни қайта ишлаш заводлари ва инфратузилмасига зарбалар бера бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швеция Россиянинг музлатилган активлар ҳисобидан Украинага 100-150 дона JAS 39 Gripen E қирувчи самолётларини етказиб бериш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу моделдаги битта қирувчи самолётнинг нархи тахминан 85 миллион долларни ташкил этади. 100 та бундай буюртма 8,5 миллиард долларга тушади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Владимир Зеленский Storm Shadow

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг