Россияда тиббий кўрикдан ўтмаган мигрантлар жазоланиши мумкин
Олам
−
10 Январь 4184 1 дақиқа
Россияда мажбурий тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаётган меҳнат мигрантларини жавобгарликка тортиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Давлат думаси раиси Вячеслав Володин маълум қилди.
Россияга уч ойдан ортиқ муддатга борган хорижий фуқаролар учун тиббий кўрикдан ўтиш муддати 90 кундан 30 кунгача қисқартирилади. Тиббий муассасалар кўрик натижаларини Россия Ички ишлар вазирлигига, юқумли касалликлар аниқланган тақдирда эса Роспотребнадзорга тақдим этиши шарт бўлади. Бу чоралар қоидабузарликлар аниқланган ҳолларда мигрантларни тезкор равишда депортация қилишга қаратилган.
Тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши режалаштирилмоқда – жарима солиниши ва суд қарори билан мамлакатдан чиқариб юбориш эҳтимоли мавжуд.
Мигрантларнинг соғлиғи ҳақидаги ҳужжатларни сохталаштириш эса жиноят деб баҳоланади. Вячеслав Володиннинг айтишича, ушбу чоралар мигрантлар устидан назоратни кучайтириш ва жамоат хавфсизлигини оширишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда 2027 йил охиригача хорижий фуқароларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатланишини назорат қилувчи янги ахборот тизими яратилиши, 2026 йилда эса хорижий фуқароларни биометрик идентификация қилиш тизими ишга туширилиши режалаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси