Иккиламчи санкцияга тушиш масаласига жуда ҳам жиддий қараймиз – МБ раиси

Жамият

image

Марказий банк раиси Темур Эшметов АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси томонидан Россиянинг “Лукойл” ва “Роснефть” компанияларига қарши киритилган санкцияларнинг Ўзбекистонга таъсири юзасидан изоҳ берди. Бу ҳақда у бугун, 24 октябрь куни Марказий банкнинг асосий ставка бўйича матбуот анжуманида гапирди.

“Бутун дунёдаги бўлган ўзгаришларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига кичик бўлса ҳам таъсири бўлади. Шунинг учун бундай санкциялар хатари, улар рўй берса қандай иш тутиш бўйича барча прогнозларда хатарлар доим ҳисобга олинади”, дейди Эшметов.

Марказий банк раисининг айтишича, куни кеча эълон қилинган санкцияларнинг ҳам қисман таъсир қилиш эҳтимоли бор. Лекин айнан нефть маҳсулотларини сотиб олиш бўйича одатда узоқ муддатли шартномалар келишилган бўлади. Шу билан бирга, ҳар қандай санкция қўлланганидан кейин одатда давлат томонидан бир қатор музокалар олиб борилади.

“Яъни, санкцияга алоқаси бўлмаган давлатлар одатда қоида тариқасида музокаралар ўтказиб, бу санкцияларнинг мақсади бошқа давлатларга, бошқа давлатларнинг халқига салбий таъсир кўрсатиш мақсади йўқлиги, уларнинг бошқа учинчи давлатларга салбий таъсир қилмайдиган шароит яратиш мақсадида доим музокаралар ўтказилади”, дейди у.

Темур Эшметовнинг билдиришича, Ўзбекистонда иккиламчи санкцияга тушиш масаласига ҳам жиддий қаралади.

“Қўшни давлатларнинг банклари санкцияга тушиши масаласида доим савол бўлади. Биз бу иккиламчи санкцияга тушиш масаласига жуда ҳам жиддий қараймиз. Охирги 2-3 йилда санксиявий комплаенс ҳам банк тизимида такомиллашди ва доимий такомиллаштириб борилади. Шунинг учун банкларимиз амалиётида айнан шу санкциядаги товарлар билан, санкциядаги ташкилотлар билан ишламаслик бўйича қатъий позициямизни айтиб келганмиз. Буни биз қатъий назорат қиламиз. Ўйлайманки, айнан шундай ишлашимиз ҳозирги пайтда бизнинг банклар биронта санкцияга тушмаслигига олиб келди. Биз бу йўналишда қатъийликни давом эттирамиз”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг икки йирик нефть компанияси – “Роснефть” ва “Лукойл”га қарши санкциялар жорий этганини эълон қилганди. Вазирликнинг баёнотига кўра, бу чора Россиянинг Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича тинчлик жараёнига “жиддий муносабат билдирмагани” билан изоҳланди.

Шу билан бирга, Қирғизистон ва Тожикистон банклари Европа Иттифоқининг Россияга қарши 19-санкциялар пакетига киритилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк санкция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг