Чинозда оммавий тартибсизлик уюштиришга уринган шахслар қамалди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг март ойида Тошкент вилоятининг Чиноз туманида йўлни тўсиб, оммавий тартибсизликлар уюштиришга уринган шахслар озодликдан маҳрум этилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
    
Суд ҳужжатига кўра, жорий йилнинг 4 март куни Чиноз туманида яшовчи 1992 йилда туғилган фуқаро А.О. ва 1985 йилда туғилган фуқаро Б.Ш. ўзаро тил бириктириб, оммавий тартибсизлик уюштиришга уринган. Жумладан, жорий йилнинг 3 март куни А.О. ўзининг Telegram-профили орқали гуруҳлардан бирига видеохабар юбориб, одамларни автомобилларга газ тўлдириш шохобчасига бормасдан, М-39 “Тошкент-Термиз” йўлини тўсишга ундаган. Шундан сўнг масъуллар воқеа жойига бориб, машиналарга газ тўлдириш шохобчаси очиб берилишини билдирган. Бир кундан кейин, 4 март куни А.О. соат 11:40 ларда М-39 “Тошкент-Термиз” йўлининг Чиноз тумани, Марказий маҳалласи ҳудудидан ўтган қисми яқинидаги метан “заправка”га келган. А.О. ва Б.Ш. у ерда автомобиль йўлини тўсиш ва шу орқали оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришни мақсад қилган. Улар шохобчада навбатда турган ҳайдовчиларга биргаликда йўлни ёпиб қўйишни айтган. Кейин газ тўлдириш учун навбатда турган фуқаро Ш.М. бошқарувидаги HOWO юк машинаси билан йўлни тўсиб қўйишга мажбурлаган. Шу тариқа А.О. ва Б.Ш. юк машинаси билан “Тошкент-Термиз” йўлининг Тошкент шаҳрига кетиш йўналишидаги қисмини тўсиб қўйган ва оқибатда йўлнинг қатнов қисмида тирбандлик юзага келиб, фуқаролар оммавий тарзда бир жойга йиғилган. А.О. мазкур ҳолатни видеога олиб, Telegram гуруҳга юборган.

Жорий йилнинг 13 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судида мазкур иш кўриб чиқилган. А.О. судда кўрсатма бериб, айбига қисман иқрор бўлган ва одамларни оммавий тартибсизликка даъват қилмаганини айтган. Шунингдек, у юк машинаси ҳайдовчисига йўлни тўсишни айтмаганини маълум қилган. Бундан ташқари, у оилада ёлғиз боқувчи эканини айтиб, суддан енгиллик сўраган.

Шу тариқа А.О. Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди, 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди ва 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 2-қисми “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган ва унга 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Б.Ш. эса Жиноят кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 2-қисми “а,б” бандлари билан 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.  Жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Ғайрат Дўстов исмли шахс метан “заправка”лардаги танқид қилиб, 15 суткага қамалганди. Кейинроқ, унинг иши қайта кўриб чиқилиб, апелляция инстанциясининг қарори билан суд залидан озод қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Чиноз оммавий тартибсизлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг