Суд “Ёввойи Арман” ишини қайта кўриб чиқишни бошлади
Олам
−
14 Октябрь 8757 2 дақиқа
Бугун, 14 октябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “Ёввойи Арман” номи билан танилган Арман Жумагелдиев ишининг апелляция жараёни бошланди. Бу ҳақда “Казинформ” хабар берди.
“Олмаота суди матбуот хизмати тингловлар бошланганини тасдиқлади, суд мажлиси эса ёпиқ тарзда ўтаётгани қайд этилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида суд Жумагелдиевни бир нечта моддалар бўйича айбдор деб топган. Хусусан, Жиноят кодексининг 262-моддаси (жиноий уюшмани ташкил этиш ва унга раҳбарлик қилиш) бўйича 9 йилга, 268-моддаси (бандитизм) бўйича 16 йилга ва 272-моддаси (оммавий тартибсизликлар) бўйича 8 йилга, содир этилган жиноятлар йиғиндисидан келиб чиқиб, жазони қисман қўшиб, якунда 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Жазо чораларининг йиғиндиси бўйича “Ёввойи Арман” 20 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, жамоат-сиёсий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган. Шунингдек, Жумагелдиев билан бирга собиқ депутат ва тадбиркор Қайрат Қудайберген ҳамда Миллий хавфсизлик қўмитасининг 5-бўлим собиқ раҳбари Руслан Исқақов ҳам судланган.
“Ёввойи Арман” иши
Арман Жумагелдиевнинг қўлга олингани 2022 йил 7 январь куни Олмаотадаги тартибсизликлар вақтида маълум бўлган. 11 январь куни эса у расмий равишда ҳибсга олинган. 2023 йил бошида Қозоғистон Бош прокурори Берик Асилов январь воқеалари бўйича янги тафсилотларни эълон қилиб, “Ёввойи Арман”нинг ҳаракатлари Олмаотада қандай мувофиқлаштирилгани ва унга кимлар ёрдам берганини баён қилган.
“Суриштирувга кўра, Олмаотада алоҳида роль Жумагелдиевга (яъни, “Ёввойи Арман”га) берилган. Аниқланишича, у Миллий хавфсизлик қўмитаси куратори билан мувофиқликда ҳаракат қилган. Унинг вазифаси тартибсизликларни уюштириш, оломонни назорат остига олиш ва ҳокимиятга якдил талаблар қўювчи “халқ кенгаши”ни тузиш бўлган”, деган ўшанда Бош прокурор.
Ички ишлар вазирлиги ҳам Бош прокуратура билан ҳамкорликда ўтказилган махсус операциялар ҳақида маълум қилган. “Ёввойи Арман” ва Олмаота шаҳар кенгашининг собиқ депутати Қайрат Қудайберген иши бўйича суд жараёни 2023 йилнинг сентябрида бошланган. Шунингдек, Бош прокуратура январь воқеалари иши доирасида ҳибсга олинган Қайрат Қудайберген ва “Ёввойи Арман” амнистия остига тушмаслигини маълум қилган.
Live
Барчаси