“Реал Мадрид” Қозоғистонга етиб келди (видео)
Спорт
−
29 Сентябрь 2025 9788 2 дақиқа
Бугун, 29 сентябрга ўтар кечаси Испаниянинг “Реал Мадрид” жамоаси UEFA Чемпионалар лигаси 2-тур доирасида “Қайрат” билан ўйин ўтказиш учун Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига етиб келди. Испан клуби маҳаллий футбол мухлислари ва жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Бу ҳақда Олмаота халқаро аэропорти маъмурияти хабар берди.
“Олмаота халқаро аэропортида UEFA Чемпионлар лигаси иштирокчилари тантанали тарзда кутиб олинди. Бугун Европанинг энг нуфузли клублар турнири доирасида “Реал Мадрид” футболчилари Қозоғистоннинг жанубий пойтахтига етиб келишди. Меҳмонларга миллий меҳмондўстлик ва илиқлик намойиш этилди. Айниқса, Чемпионлар лигаси мадҳиясининг қозоқ анъанавий чолғу асбобларида ижро этилгани футболчилар учун унутилмас лаҳзага айланди – бу спортга бўлган меҳрни мамлакатнинг бой маданий садоси билан уйғунлаштирди”, дейилади Олмаота халқаро аэропорти баёнотида.
Маълумот учун, “Қайрат”-“Реал Мадрид” учрашувига чипталар нархи 30 000 тенгедан (тахминан 690 минг сўм) 250 минг тенгегача сотилган эди(тахминан 5 млн 730 минг сўм). “Қайрат”нинг “Реал Мадрид”га қарши ўйини эртага, 30 сентябрь куни бўлиб ўтади. Ўйин маҳаллий вақт билан 21:45 да старт олади. Баҳс Олмаота шаҳридаги “Марказий” стадионида ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Қайрат” жамоаси Европа Чемпионлар лигаси саралаш босқичининг ҳал қилувчи баҳсида Шотландиянинг “Селтик” клубини мағлуб этиб, ўз тарихида илк бор турнирнинг гуруҳ босқичига йўлланма қўлга киритгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси