Украина Суриянинг янги ҳукумати билан алоқаларни тиклади (видео)
Олам
−
25 Сентябрь 1924 2 дақиқа
Кеча, 24 сентябрь куни Украина Президенти Владимир Зеленский Суриянинг ўтиш даври раҳбари Аҳмад аш-Шара билан учрашиб, дипломатик алоқаларни тиклаш бўйича қўшма коммюнике имзолади. Бу ҳақда Зеленский ўзининг Telegram саҳифасида ёзиб қолдирди.
“Биз бу муҳим қадамлардан мамнунмиз ва Сурия халқини барқарорлик йўлида қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, дея ёзган Зеленский.
Украина раҳбари Аҳмад аш-Шара билан бўлиб ўтган музокараларда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, икки давлат хавфсизлигига таҳдидлар ҳамда уларга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилган.
“Биз ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида муносабатларни йўлга қўйишга келишдик”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Суриянинг собиқ президенти Башар Асад 2010 йилнинг 2-3 декабрь кунлари Украинага ташриф буюрган эди. Ўша пайтда Асадни Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович, бош вазир Николай Азаров ва Олий Рада спикери Владимир Литвин қабул қилган.
Қайд этиш жоиз, Украина Башар Асад режими ағдарилгандан сўнг, Сурияга юқори даражадаги ташриф уюштирган илк давлатлардан бири бўлган. 2024 йилнинг 30 декабрь куни Дамашққа ташрифни Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига бошчилигидаги делегация амалга оширган.
Украина ва Сурия ўртасидаги муносабатлар 2014 йилда музлатилган эди. Ўша йили Россия Қрим ва Донбассда ҳаракатларини бошлаганида Сурия вакиллари БМТда Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватловчи резолюцияга қарши овоз берган ва шу билан Россиянинг иттифоқчиси сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаган.
2016 йилда хавфсизлик вазияти сабаб Украина элчихонаси Суриядан Ливанга кўчирилди, бироқ Суриянинг Украинадаги элчихонаси 2018 йилгача фаолият кўрсатган.
Дипломатик алоқалар эса 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши ортидан узилди, чунки Асад режими Россияни қўллаб-қувватлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара ўз мамлакатининг ўтган авлод зулмидан воз кечаётганини эълон қилиб, Сурияга нисбатан қўлланган санкцияларни тўлиқ бекор қилишни талаб қилганди. Мамлакат раҳбари ўз сўзида халқаро ҳамжамиятни минтақада янги можаролар келиб чиқишини олдини олишга чақирган.
Live
Барчаси