Украина мулоқотдан бош тортса, Россия масалани ҳарбий йўл билан ҳал қилади – Путин
Олам
−
09:25 3110 1 дақиқа
Агар Украина можарони ҳал қилиш учун мазмунли мулоқотдан бош тортса, Россия ҳудудларни ҳарбий йўл билан “озод қилиш”га ҳаракат қилади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин кеча, 17 декабрь куни Мудофаа вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида сўз очди.
“Агар қарама-қарши томон ва уларнинг хорижий ҳомийлари мазмунли музокаралардан бош тортса, Россия ўзининг тарихий ерларини ҳарбий йўл билан озод қилишга ҳаракат қилади”, деган Путин.
Унинг қўшимча қилишича, “махсус ҳарбий операция” мақсадларига шубҳасиз эришилади.
Шунингдек, у Москва дипломатияни можаронинг асосий сабабларини ҳал қилишнинг афзал кўрган усули сифатида кўришда давом этаётганини таъкидлаган.
4 декабрь куни “India Today” телеканалига берган интервьюсида Россия Президенти Россия Донбасс ва Новороссия устидан ҳам ҳарбий, ҳам бошқа йўллар билан назорат ўрнатишга қодир эканини айтган эди. Ўшанда у Москва илгари Киевга Донбассдан қўшинларини олиб чиқишни ва вазиятнинг кескинлашувига йўл қўймасликни таклиф қилгани, аммо Украина расмийлари ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришни танлаганини эслатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия армияси Мирноград шаҳри яқинида Украина бўлинмаларини қуршаб олишга уринаётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси