БМТ экспертлари Исроилни футбол мусобақаларидан четлатишга чақирди
Олам
−
24 Сентябрь 2446 2 дақиқа
Саккиз нафар БМТ эксперти UEFA ва FIFA’га мурожаат қилиб, Исроил клублари ва терма жамоаларини халқаро мусобақалардан четлаштиришни сўради. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасига таяниб, “The New Arab” хабар берди.
“Спорт ташкилотлари инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишларига кўз юмиб ўтирмаслиги керак, айниқса, уларнинг майдонлари адолатсизликни одатийлаштириш учун ишлатилаётганида. Инсон ҳуқуқларини мунтазам равишда бузаётган давлатларни ифодаловчи миллий терма жамоалар четлатилиши мумкин ва керак. Бунинг ўтмишда мисоллари ҳам бўлган”, дейилади хабарда.
Экспертларнинг фикрича, FIFA ва UEFA каби халқаро ташкилотлар БМТнинг бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича принциплари асосида халқаро ҳуқуққа риоя этишга мажбур.
“Биз аниқ айтамиз: бойкот давлат сифатида Исроилга қаратилиши керак, алоҳида футболчиларга эмас. Одамлар ҳукумат қарорлари учун жавобгар бўла олмайди, шунинг учун уларнинг келиб чиқиши ёки миллати асосида футболчиларга нисбатан дискриминация ёки санкциялар бўлмаслиги керак”, дейди БМТ экспертлари.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 23 сентябрь куни Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFA) халқаро йиғилишда Исроил терма жамоаси ва Исроил клубларининг халқаро турнирларда иштирокини тақиқлаш масаласини кўриб чиқиши керак. Ҳозирча 20 та давлат Исроилнинг иштирокига қарши чиққани, яна 2-3 давлат қарши бўлиши мумкинлиги маълум. UEFA’нинг эса жами 55 аъзоси мавжуд.
Шунингдек, олдинроқ Испания Бош вазири Педро Санчес ҳам Ғазода давом этаётган можаро сабабли Исроилни халқаро спорт мусобақаларидан четлатишга чақирган эди. Шунингдек, Испания Конгресси аъзоси Патхи Лопес агар Исроил терма жамоаси саралашдан ўтса, Испания 2026 йилги Жаҳон чемпионатида қатнашмаслиги мумкинлигини ҳақида маълум қилган эди.