Россия қирувчи самолётлари Эстония чегарасини бузиб ўтди

Олам

image

Россиянинг учта МиГ-31 қирувчи самолёти Вайндло ороли яқинидаги Финляндия кўрфази орқали Эстония ҳаво ҳудудига рухсатсиз кириб борди ва у ерда тахминан 12 дақиқа қолди. Бу ҳақда бугун, 19 сентябрь куни Эстония Мудофаа кучлари бош штаби матбуот хизматига таяниб, Эстония жамоат телерадиокомпанияси хабар берди.

Хабарда айтилишича, самолётда парвоз режалари бўлмаган ва уларнинг транспондерлари (қабул қилинган сигналга жавобан сигнал юборувчи узатгичлар) ўчирилган. Шунингдек, қоидабузарлик вақтида Эстония ҳаво ҳаракатини бошқариш билан икки томонлама радио алоқаси ҳам бўлмаган.

Эстония Ташқи ишлар вазирлиги бугуннинг ўзидаёқ Россиянинг расмий Таллиндаги муваққат ишлар вакилини чақириб, унга норозилик нотасини топширди.

Бу 2025 йилда Россия самолётларининг Эстония чегарасини тўртинчи марта бузиши бўлди. 7 сентябрь куни Ми-8 вертолёти ҳам Вайндло ороли яқинида Эстония ҳаво ҳудудини бузган эди. 22 июнь куни эса худди шу минтақада Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ил-76 транспорт самолёти Эстония ҳаво ҳудудига рухсатсиз кирганди.

“Россия жорий йилда тўрт марта Эстония ҳаво ҳудудини бузди, бу ўз-ўзидан қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат, бироқ бизнинг ҳаво ҳудудимизга учта қирувчи самолёт кириб келган бугунги қоидабузарлик мисли кўрилмаган даражада беадабликдир”, деди Ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна.

Европа Иттифоқининг ижтимоий ва ташқи сиёсат бўйича олий вакили Кая Каллас қирувчи самолётлар томонидан чегаранинг бузиб ўтилишига қуйидагича муносабат билдирган:

“Бугун Россия ҳарбий самолётларининг Эстония ҳаво ҳудудини бузиши ўта хавфли провокациядир. Бу охирги кунларда Европа Иттифоқи ҳаво ҳудудининг учинчи бузилиши бўлиб, минтақадаги кескинликни янада кучайтирмоқда. Европа Иттифоқи Эстония билан тўлиқ бирдам”, ёзади у.

10 сентябрга ўтар кечаси Россиянинг камида 19 та дрони Польша чегарасини кесиб ўтганди, уларнинг катта қисми Беларусдан келиб чиққан. Польша самолётларидан ташқари бошқа НАТО давлатларининг қирувчи самолётлари дронларни тутиб олиш учун жойлаштирилди. Варшава, Россия атайлаб Польшага ҳужум қилганини ва Шимолий Атлантика шартномасининг 4-моддасига мувофиқ НАТО иттифоқчилари билан маслаҳатлашишни сўраганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 август куни Польшада авиашоу машқи вақтида F-16 қирувчи самолёти ҳалокатга учраганди. Оқибатда учувчи ҳалок бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Эстония Польша қирувчи самолётлар Маргус Цахкна МиГ-31 Вайндло ороли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг