ДХХнинг сохта ходимлари қўлга олинди
3-саҳифа
−
04 Сентябрь 2025 12861 2 дақиқа
Қашқадарё ва Самарқанд вилоятида Давлат хавфсизлик хизматига ишга киритиб қўйишни ваъда қилганлар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қашқадарё вилоятининг Косон туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармасдан, қайта жиноятга қўл урган. У ўзини ДХХ ходими сифатида таништириб, 1997 йилда туғилган маҳаллий фуқарони ДХХ органларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 2024 йилнинг сентябрь ойидан 2025 йилнинг июнь ойига қадар турли баҳоналар билан алдаб, унинг жами 30 минг доллар ва 510 миллион сўм пул маблағларини олган.
Бундан ташқари, мазкур фуқаронинг қариндошини Қуролли кучлар академиясига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 10 минг доллар талаб қилиб, ҳозирга қадар 4 минг доллар олган. У Қарши шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда сўралган 10 минг доллар ҳисобидан яна 2 минг доллар олган вақтида ушланди. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28, 211-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида истиқомат қилувчи, 1961 йилда туғилган шахс ўзганинг ишончига кириб, уни ДХХ идораларига ишга киритиб қўйиш эвазига 7 минг доллар олган вақтида ДХХ ҳамда вилоят ИИБ томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида Тергов бўлими катта терговчиси 5 минг доллар пора билан қўлга тушганди.
Live
Барчаси