Трамп Россия-Украина музокараларидан чиқиб, урушни томоша қилмоқчи – ОАВ
Олам
−
01 Сентябрь 5339 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия ва Украина ўртасидаги урушни тўхтатишга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатлардан воз кечиш масаласини жиддий ўйлаб кўрмоқда. Бу ҳақда Трампга яқин амалдорга таяниб, “Axios” хабар берди. https://www.axios.com/2025/08/30/trump-accuse-european-leaders-prolong-ukraine-war
Оқ уй раҳбарининг фикрига кўра, агар икки томон – Россия ёки Украина “мослашувчанлик” кўрсатмаса, АҚШ ўз ҳаракатларини тўхтатиб, ўйиндан чиқади.
“Биз шунчаки ўтириб, кузатамиз. Улар яна бироз урушсин, кейин нима бўлишини кўрамиз”, деган Трампга яқин шахс.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ расмийларининг айримлари Европа етакчиларини тинчликка эришиш йўлидаги “асосий тўсиқ” деб ҳисоблай бошлаган. Оқ уйдаги юқори лавозимли амалдор айрим Европа раҳбарлари омма олдида Трампнинг тинчлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаётгандек кўриниши, лекин аслида яширин равишда Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида Аляскада бўлиб ўтган саммитдан кейин эришилган норасмий келишувларни йўққа чиқаришга уринаётгани ҳақида айтган.
Оқ уй вакили, шунингдек, Европа давлатлари Украинани Россиядан “ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳудуд талаб қилишга” ундаётганини таъкидлаган. Уларнинг сўзларига кўра, европаликлар Украина Президентини “энг яхши келишувни” тузишга ундамоқда, бироқ бу талаблар реалликка умуман яқин эмас.
“Европаликлар бу урушни чўзиб юборолмайди, парда ортида асоссиз умидларни қўллаб-қувватлай олмайди ва бир вақтнинг ўзида барча харажатларни Америкага юклай олмайди. Агар Европа бу урушни кескинлаштиришни истаса, бу уларнинг иши. Аммо улар ғалабага эмас, мағлубиятга маҳкум бўлади”, деган Оқ уй расмийси.
Қайд этиш жоиз, Трампнинг бу сўзлари илк бор янграётгани йўқ. У анчадан буён Россия ва Украина урушида “силжиш бўлмаса” бу музокаралардан чиқишини билдириб келади. Оқ уй раҳбарига кўра, бу уруш уники эмас ва буни тугатишга ҳам мажбур эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Европа давлатлари билан Американинг хусусий ҳарбий компаниялари ходимларини Украинага юбориш масаласида музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берилганди. Хусусий ҳарбий компания жангчилари Украинада мудофаа чизиғини қайта тиклаш, янги ҳарбий базалар барпо этиш ҳамда ҳудуддаги АҚШ корхоналарини ҳимоя қилиш ишларига жалб қилиниши мумкин.
Live
Барчаси