ЕИ Украинага 90 млрд евро берадиган бўлди
Олам
−
17:25 1249 4 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Россия томонидан амалга оширилаётган қуролли тажовузга қарши курашда мамлакатини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича келишув учун Европа етакчиларига миннатдорлик билдирди. У бугун, 19 декабрь куни X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Европа Иттифоқи саммитида қабул қилинган қарорни “муҳим қўллаб-қувватлаш”, деб атаб, у Украинанинг бардошлилигини мустаҳкамлашини таъкидлади.
“Европа Иттифоқи етакчиларининг 2026–2027 йилларда Украинага 90 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги Еврокенгаш қарори учун барчага миннатдорман. Бу ҳақиқатан ҳам бардошлилигимизни кучайтирувчи жиддий ёрдамдир. Россия активларининг музлатилган ҳолда қолиши ва Украина яқин йиллар учун молиявий хавфсизлик кафолатларига эга бўлиши муҳим. Бу натижа ва бирдамлик учун раҳмат. Биргаликда қитъамизнинг келажагини ҳимоя қиляпмиз”, деб ёзди Зеленский.
ЕИ мамлакатлари кўп ойлик ихтилофлардан сўнг жумага ўтар кечаси Украинага кейинги икки йилда молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича муросага эришди. Германия канцлери Фридрих Мерцнинг сўзларига кўра, Киев Европа Иттифоқидан 90 миллиард евро миқдорида фоизсиз кредит олади. ЕИда музлатилган Россия активларига ҳозирча тегилмайди, аммо агар урушдан сўнг Россия Украинага етказилган зарар учун товон тўламаса, кредитни қоплашда айнан шу музлатилган маблағлардан фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Германия канцлери Фридрих Мерц эришилган келишувни дастлабки таклифига тўлиқ мос келмаслигига қарамай, “катта муваффақият” деб атади. У аввалроқ, асосан, Бельгияда жойлашган Россия Марказий банки маблағларини тўғридан тўғри ишлатиб, 210 миллиард еврогача кредит ажратиш тарафдори бўлган эди, бироқ Бельгия ҳуқуқий ва сиёсий хатарлар юқорилигини билдирганидан сўнг, Франция ва Италия каби давлатлар қаршилиги туфайли бу режа амалга ошмади.
“Европа нима хавф остида эканини англади ва ўз суверенитетини намойиш қилди. Биз Европанинг энг катта хавфсизлик таҳдидига қатъий қарши туряпмиз. Бу Россия тажовузи бўлиб, у аллақачон Украинага қарши уруш доирасидан чиқиб кетган”, деди канцлер Брюсселда тахминан 18 соатлик музокаралардан кейин.
Унинг айтишича, 90 миллиард евро Украина эҳтиёжлари – ҳарбий ва бюджет харажатларини – яқин икки йилда қоплаш учун етарли. Тўловлар эса аллақачон январь ойида бошланиши мумкин.
Бельгия Бош вазири Барт де Вевер ҳам келишувни муваффақият деб атади.
“Украина ютди, Европа ютди, молиявий барқарорлик ютди”, деди у.
Унинг фикрича, агар ЕИ келишувсиз Брюсселни тарк этганида, Европа ўз геосиёсий аҳамиятини йўқотган бўлар эди ва бу “тўлиқ фалокат”га айланарди.
Франция Президенти Эммануэль Макрон қабул қилинган қарорни “энг реалистик ва амалий” деб баҳолади. Шу билан бирга, Кремлга яқин қарашлари билан танилган Венгрия Бош вазири Виктор Орбан келишувни “уруш учун йўқотилган кредит” деб атади. Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта эса ЕИнинг мақсади урушни чўзиш эмас, балки Украинада адолатли ва барқарор тинчликка эришиш эканини таъкидлади.
Собиқ юқори лавозимли немис дипломати Вольфганг Ишингер эса Европа етакчилари эришган муроса ЕИга бўлган ишончга путур етказади, деб ҳисоблайди. У “Deutschlandfunk” радиосига берган интервьюсида Украина зарур ёрдамни олганини, аммо бу Европа Иттифоқининг дунё саҳнасидаги қатъиятли ва самарали ўйинчи сифатидаги имижига зарар етказганини айтди. Унинг фикрича, ЕИ ҳали-ҳамон мустақил ҳаракат қилувчи эмас, балки бошқаларга эргашувчи тузилма сифатида кўриниб қолмоқда.
Москвада эса Европа Иттифоқи қарорига нисбатан ижобий муносабат билдирилди. Россия делегацияси раҳбари Кирилл Дмитриев Telegram’да “қонун ва соғлом ақл ҳозирча устун келди”, деб ёзди. У Брюссель қарорини “уруш қўзғатувчилари”га, жумладан, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйенга берилган жиддий зарба деб атади.
Дмитриевнинг таъкидлашича, “ЕИ ичидаги кам сонли соғлом фикрли овозлар ҳозирча Россия резервларини Украинага ёрдам сифатида қонунсиз ишлатишнинг олдини олди. Қонун ва соғлом ақл ҳозирча ғалаба қозонди”.
Россия аввалроқ бундай ҳаракатларни давлат мулкини “ўғирлаш” деб баҳолашини ва жавоб тариқасида ғарб активларини, жумладан, хусусий инвесторлар ва компаниялар маблағларини мусодара қилиш билан таҳдид қилган эди.
Кейинроқ Дмитриев X тармоғида фон дер Ляйен, Мерц ва Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер муваффақиятсизликка учраганини ёзди.
“Бутун дунё ҳозир сиз бошқаларни қонунни бузишга мажбур қила олмаганингизни кўрди”, деди у.
Live
Барчаси