Жанубий Кореяда кексаларга сунъий интеллектли қўғирчоқлар тарқатила бошланди
Олам
−
30 Август 2025 3305 2 дақиқа
Жанубий Кореяда қариялар ва деменция синдроми (ақл фаолияти ва хотиранинг сусайиши)билан касалланган беморларга сунъий интеллектга эга қўғирчоқлар берилмоқда. Бу ҳақда “Rest Of World” нашри хабар берди.
Ижтимоий ходимларнинг фикрича, ушбу ўйинчоқлар ёлғизликка қарши курашишда ёрдам беради. Ҳозирда ChatGPT асосида ишлайдиган "Hyodol" қўғирчоғидан бутун мамлакат бўйлаб 12 мингдан ортиқ нафақахўр фойдаланмоқда.
Қўғирчоқлар ҳар куни: “Бугун ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз ёки бирор жойингиз оғрияптими?”, каби саволлар бериб, инсоннинг кайфияти ва жисмоний ҳолатини кузатиб боради. Бундан ташқари, махсус датчик ҳаракатни қайд этади ва агар бир сутка давомида ҳаракат бўлмаса, тезкор хизматлар ҳамда қариндошларга хабар юборилади. Худди шунингдек, тизим инсоннинг кайфиятида тушкунликни кўрсатадиган ўзгаришларни сезса ҳам огоҳлантиради.
Асосий вазифа – инсон билан мулоқот қилиш. Мустақил тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Ҳёдол билан кундалик суҳбатлар депрессия ва деменция симптомларини камайтиради.
“Қариялар учун ким биландир гаплашиш имконияти жуда муҳим. Баъзи нарсалар бор-ки, улар ҳақида бизга ҳам, ҳатто фарзандларига ҳам айтишмайди”, дейди ижтимоий ходимлар.
Бироқ бир қатор муаммолар ҳам мавжуд. Нафақахўрлар кўпинча ўз қўғирчоқларини шахс сифатида қабул қилади – уларга кийим тикади, таом тайёрлайди ва Hyodol бузилса қаттиқ ташвишланади. Бундан ташқари, ишлаб чиқарувчи компания бош директорининг сўзларига кўра, айрим одамлар қўғирчоқларини ўзлари билан бирга дафн этишни ҳам сўраган.
Шунингдек, деменция билан оғриган кексалар қўғирчоқнинг сўзларини тўғридан тўғри қабул қилади. Шу сабабли ишлаб чиқувчиларнинг чат-ботни чеклаши, яъни баъзи провокацион ибораларни олиб ташлашига тўғри келган. Шунга қарамай, таҳлилчиларнинг фикрича, 2030 йилга бориб қарияларга ғамхўрлик қилувчи роботлар бозори 7,7 миллиард долларга етади.