Жанубий Кореянинг илк хусусий ракетаси муваффақиятсизликка учради
Технология
−
23 Декабрь 1334 2 дақиқа
Бугун, 23 декабрь куни Жанубий Кореянинг Innospace хусусий компаниясига тегишли бўлган биринчи тижорат космик ракетаси “Ҳанбит-Нано”нинг учирилиши муваффақиятсиз якунланди. Компания жараённи жонли трансляция қилди.
Маълум қилинишича, ракета Бразилияда жойлашган Алкантара космодромидан Сеул вақти билан соат 10:13 да (Тошкент вақти билан 06:13) фазога учирилган. Дастлаб учириш жараёни режадагидек кечган ва ракета тахминан бир дақиқа давомида нормал парвоз қилган. Ҳатто борт камераларидан тасвирлар ҳам узатилган.
Бироқ парвоз давомида кутилмаган ҳолат юзага келди. Баландликка кўтарилиш жараёнида видео узатиш тўхтади, шундан сўнг марказий бошқарув пунктидаги экранларда “Парвоз вақтида аномалия аниқланди”, деган ёзув пайдо бўлди ва трансляция тўсатдан узилиб қолди.
Кейинчалик Жанубий Кореянинг “Yonhap” ахборот агентлиги ракета портлаган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Ҳозирча компания томонидан ҳодиса юзасидан аниқ сабаблар очиқланмади.
Маълумот ўрнида, “Ҳанбит-Нано” ракетасининг учирилиши бундан аввал ҳам бир неча бор техник носозликлар сабаб кечиктирилган эди. Ушбу миссия муваффақиятли амалга оширилганида, Innospace Жанубий Кореяда фойдали юкни орбитага мустақил равишда олиб чиққан илк хусусий компанияга айланиши керак эди. Ҳозирда ҳодиса юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Уралдаги ҳарбий базада ракета учирилиш пайтида портлаб кетгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси