Тошкентда ота 150 минг доллар алимент тўлади

Жамият

image

Тошкент шаҳрида ота 3 нафар фарзанди учун олдиндан 150 минг доллар алимент тўлади. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, бюронинг Учтепа туман бўлими иш юритувига Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2018 йил 17 майдаги ҳамда шу суднинг 2022 йил 20 апрелдаги суд буйруғларига асосан, қарздор Б.Т.дан ундирувчи Б.Г. фойдасига 3 нафар фарзанди вояга етгунига қадар ҳар ойда қарздорнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларидан 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
   
Бюронинг туман бўлими томонидан мазкур алимент ундирувига оид ижро иши қўзғатилиб, томонларга юборилган. Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор эркак вояга етмаган 3 нафар фарзанди таъминоти учун то улар вояга етгунига қадар олдиндан алимент миқдорини ҳисоблаб беришини сўраб, бўлимга ариза билан мурожаат қилган.

Шунга кўра, вояга етгунга қадар олдиндан тўланиши лозим бўлган алимент миқдори Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 145-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 июндаги 808-сонли қарорига асосан МИБ электрон дастури орқали алимент пуллари 2025 йил 1 июлдан 2040 йил 2 февралга қадар ҳисобланганда жами 1 млрд 847 млн 413 минг 73 сўмни ташкил қилган.  

Олиб борилган ижро ҳаракатлар давомида ота томонидан кеча, 29 август куни 150 000 АҚШ доллари кўринишида алимент пуллари ундирувчи фойдасига тўлаб берилган ва мазкур ижро иши амалда тамомланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар Учтепа туманида қарздор ота 2,4 млрд сўм миқдоридаги алимент пулларини олдиндан тўлагани хабар қилинганди. Ундан олдинроқ эса Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида фуқаро 1 нафар фарзанди учун 2,2 млрд сўмлик алимент маблағини бир кунда тўлаб, рекорд ўрнатганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент алимент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг