Яна бир аёл Карим Хонни жинсий тажовуз қилишда айблаяпти

Олам

image

Яна бир аёл Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокурори Карим Хон томонидан жинсий тажовузга учраганини айтмоқда. Бу ҳақда бугун, 28 август куни “The Guardian” нашри хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, жорий йилнинг ёзида иккинчи аёл ХЖС бошқарув органини 2009 йилга оид деб тахмин қилинаётган жинсий жиноятлар ҳақида хабардор қилган. Ўша пайтда аёлнинг ёши 20 дан бироз ошган бўлиб, у Хон офисида ҳақ олмайдиган амалиётчи сифатида ишлаган. Хон эса ХЖС ва Гаагадаги бошқа трибуналларда ҳимоя тарафининг етакчи вакили бўлган.

Аёлнинг иддао қилишича, Хон ўзининг юридик фаолиятининг дастлабки босқичларида уни бир неча бор жинсий алоқа қилишга мажбурлашга уринган, нохуш жинсий тажовузларга дучор қилган ва ўзини ёмон тутган. Ҳозирда 55 ёшли Хон эса бу айбловларни рад этмоқда.

Қайд этиш жоиз, Халқаро жиноят суди ҳозирда Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можарога ҳамда Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига оид уруш жиноятлари бўйича тергов олиб бормоқда. Айнан Карим Хон ташаббуси билан ХЖС Россия Президенти Владимир Путинга ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуга нисбатан ҳибсга олиш ордерлари чиқарган. Лекин на Россия, на Исроил Халқаро жиноят судининг аъзоси эмас. Иккала давлат ҳам суднинг юрисдикциясини тан олмайди ва айбловларни рад этади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Хон жинсий тажовуз ҳақидаги айбловлар бўйича текширув ўтказилаётгани туфайли ўз вазифаларини бажаришни тўхтатиб, маъмурий таътилга чиқиши маълум бўлган эди.

Карим Хонга қарши айбловлар ўтган йили илгари сурилган бўлиб, уларга кўра 55 ёшли Бош прокурор узоқ вақт давомида аёлга нисбатан жинсий тегажоғлик ва бошқа ҳолатларга йўл қўйган. Ҳозирча суриштирув қачон якунланиши номаълум. Карим Хон бўшатган ўринни эса ХЖСнинг икки нафар прокурор ўринбосари навбатма-навбат эгаллаб туради.


Мақола муаллифи

Теглар

тажовуз Карим Хон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг