Путинни ҳибсга олишга ордер берган Карим Хон Россияда сиртдан қамалди
Олам
−
12 Декабрь 21562 2 дақиқа
Бугун, 12 декабрь куни Россия суди Гаагадаги Халқаро жиноий суд прокурори ва саккиз судьяни Россия фуқароларини таъқиб қилишда айбдор деб топди. Улар сиртдан 3,5 йилдан 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Россия Бош прокуратураси маълум қилди.
Қайд этилишича, ХЖС прокурори Карим Хон 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Хон дастлабки тўққиз йилни умумий тартибли колонияда, қолганини эса максимал тартибли колонияда ўташи керак.
Хон 2022 йил февраль ва март ойлари оралиғида “Россия Федерацияси фуқароларини ноқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортишда” айбдор деб топилган. ХЖС судьялари сиртдан 3,5 йилдан 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Барча судланувчилар халқаро қидирувга берилган.
Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг таъкидлашича, Карим Хондан ташқари, судьялар Томоко Акане, Росарио Салваторе Аитала, Серхио Херардо, Угалде Годинез, Хайкел Бен Маҳфуд, шунингдек, ХЖС раиси Пётр Хофманьский ва унинг ўринбосарлари Лус дель Кармен Ибаньес Карранса, Бертрам Шмитт, Рейн Аделаида Софи Алапини-Гансуга нисбатан ҳукм чиқарилган.
Маълумот ўрнида, 2023 йил март ойида ХЖСнинг Судгача бўлган палатаси Россия Президенти Владимир Путин ва Болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман Мария Львова-Беловани Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларида кенг кўламли босқинчилик пайтида болаларни ўғирлаш айбловлари билан ҳибсга олиш учун ордер чиқарганди.
Шундан сўнг, Россия Тергов қўмитаси ХЖС судьяларига қарши жиноий иш қўзғатди. Москва бир нечта ХЖС судьялари ва ташкилотнинг Бош прокурори Карим Хонни, шунингдек, ХЖС вице-президентлари Луз дел Кармен Ибанез Карранза ва Бертрам Шмиттни қидирувга берди.
Live
Барчаси