Украинанинг янги қанотли ракетаси Россияни хавотирга соладими?
Олам
−
27 Август 2025 10289 2 дақиқа
Украина FP-5 Flamingo номли узоқ масофали қанотли ракетани намойиш қилди. Бу Украина-Россия урушига сезиларли таъсир қилиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Унинг ишлаб чиқарувчиси – Украина мудофаа стартапи бўлмиш Fire Point маълумотларига кўра, FP-5 Flamingo ракетаси 3000 км масофани босиб ўтишга қодир ва 1150 кг юкни кўтара олади. Ушбу фирма кунига битта ракета ишлаб чиқаради. Аммо жорий йилнинг октябригача бу кўрсаткич кунига 7 ракета ишлаб чиқаришга оширилиши мумкин. Бу ҳар ойда 200 дан ортиқ ёки йилига 2500 дан ортиқ ракетага тўгри келади.
“Ракета синовдан муваффақиятли ўтди. Бу ҳозирда бизнинг энг муваффақиятли ракетамиз. Декабрга бориб, бизда уларнинг сони кўпаяди ва кейинги йил февралгача оммавий ишлаб чиқариш бошланиши керак”, деди Украина Президенти Владимир Зеленский.
Норвегиядаги Осло университетининг илмий ходими ва ракета эксперти Фабиан Ҳоффман Flamingo’нинг портлаш хусусияти ва кучи ҳозирги пайтда Украина фойдаланадиган дрон ва қанотли ракеталардан кўра самаралироқ эканини таъкидлади.
“Агар ҳар ой 30-50 тадан шундай ракеталар ишлаб чиқарилса, бу Украинага уруш майдонида устунлик беради”, деган у.
Flamingo’нинг намойиши АҚШ Президенти Дональд Трамп россиялик мавқедоши Владимир Путинни тинчлик музокараларига қўшилишга уринаётган бир пайтда, Пентагон Киевга АҚШ томонидан етказиб берилган узоқ масофали ракеталарни Россия ичидаги нишонларни уриш учун қўллашга тўсқинлик қилгани ҳақидаги хабарлар фонида бўлиб ўтди.
“Вашингтон Украинани Россиядаги нишонларга қарши армия тактик ракета тизимларини (АТАСМС) жойлаштиришни бир неча ой давомида тўхтатди”, деб ёзади “The Wall Street Journal”.
Эртаси куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида, Зеленский Украина Вашингтон ёрдамисиз ҳам Россия ҳудудига зарба бера олишини айтган.
“Бугунги кунга келиб, биз ўзимизда ишлаб чиқарилган узоқ масофага учувчи қуролларимиздан фойдаланмоқдамиз. Ростини айтсам, охирги пайтларда биз АҚШ билан бундай масалаларни муҳокама қилмаяпмиз”, деган Зеленский.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зеленский Киевда Канада Бош вазири Марк Карни билан ўтказган матбуот анжуманида Украина Россия ҳудудига фақат ўзининг узоқ масофали қуроллари билан зарба бериши ва бунинг учун АҚШ рухсати керак эмаслигини айтганди.
Маликабону Муҳаммедова
Live
Барчаси