Россия музокаралар ҳақида салбий сигналлар бермоқда – Зеленский

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия томонининг учрашувлар ва келгусидаги музокаралар юзасидан салбий сигналлар бераётганини маълум қилди. Бу ҳақда у бугун, 27 август куни Telegram-каналида ёзиб қолдирди. 

Зеленский Россия ҳужумлари оқибатида Украина шаҳарлари ва қишлоқларида қурбонлар тинимсиз кўпаётганини таъкидлаган. Зеленскийнинг фикрича, Москванинг бу қадамларига Ғарб давлатлари кучлироқ санкциялар билан жавоб қайтариши лозим. 

“Босим зарур, биз бунга умид қиламиз. Ҳақиқий дипломатия томон қадам ташлаш айнан Россия зиммасида”, деган Владимир Зеленский. 

Украина раҳбари, шунингдек, Финляндия Президенти Александр Стубб билан телефон орқали суҳбатлашгани ва ундан конструктив маслаҳатлар олганини билдирган. 

Зеленскийнинг сўзларига кўра, ҳозирда Украина, Европа, АҚШ ва “кўнгиллилар коалицияси” деб аталувчи гуруҳ биргаликда Киев учун кучли ва кўп томонлама хавфсизлик кафолатларини тайёрлаш устида ишламоқда. У яқин орада давлат раҳбарлари иштирокида алоҳида форматдаги учрашув ўтказиш ва муҳим масалалар ҳамда муддатларни белгилаб олиш вақти келганини қайд этган. 

Бу орада Европа етакчилари Россия Президенти Владимир Путинни Зеленский билан режалаштирилган учрашувни чўзиб юбораётгани учун танқид қилмоқда. Жумладан, Германия канцлери Фридрих Мерц кеча, 26 август куни Берлинда Канада Бош вазири Марк Карни билан ўтказилган матбуот анжуманида Кремль “вақтни чўзиш стратегияси”дан фойдаланаётганини айтди. Унинг фикрича, Путин учрашувни олдиндан қўйилган шартларга боғлаб, музокара жараёнини атайлаб секинлаштирмоқда, бироқ бу талаблар на Украина, на Европа нуқтайи назаридан мақбул ҳисобланади. Германия ҳукумати раҳбари қўшимча қилганидек, агар Москва ўз сиёсатини ўзгартирмаса, Европа Иттифоқи янги санкциялар пакетини тайёрлайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 август куни Владимир Зеленский Киевда Канада Бош вазири Марк Карни билан ўтказган матбуот анжуманида Украина Россия ҳудудига фақат ўзининг узоқ масофали қуроллари билан зарба бериши ва бунинг учун АҚШ рухсати керак эмаслигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Владимир Зеленский

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг