Шерзодхон Қудратхўжа Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист бўлди
Жамият
−
25 Август 2025 5404 2 дақиқа
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Тожиддинхон ўғли Қудратхўжа “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан мукофотланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 25 август куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонида маълум қилинди.
Шерзодхон Қудратхўжа 1974 йил 26 майда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1991-1996 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да таҳсил олган.
1996-1998 йилларда “Ўзбекистон” телерадиокомпанияси “Ахборот” дирекцияси муҳаррири, сиёсий шарҳловчиси, 1998-1999 йилларда “Ўзбекистон” телерадиокомпания Халқаро кўрсатувлар дирекцияси директори, 1999-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси матбуот маркази ва хизмати раҳбари, 2000-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати бош консультанти, 2005-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг матбуот котиби, 2008-2018 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида турди лавозимларда ишлаган. У 2017-2022 йилларда “Халқаро Пресс-клуб” нодавлат-нотижорат ташкилоти раиси бўлган.
У ҳозирги кунда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро Кураш Ассоциацияси вице-президенти, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг Жамоатчилик кенгаши раиси сифатида ишлаб келмоқда.
Шерзодхон Қудратхўжа “Олтин қалам” миллий мукофоти, “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Меҳр-саховат” кўкрак нишони, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан мукофотланган.
Live
Барчаси