Эмина Эрдўған Трампнинг хотинига Ғазодаги вазият бўйича хат йўллади

Олам

image

Туркиянинг биринчи хоними, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған АҚШ Президенти Дональд Трампнинг рафиқаси Мелания Трампга мактуб йўллаб, ундан Ғазодаги гуманитар инқирозга ҳам худди Украинадаги урушга бўлгани каби эътибор қаратишни сўради. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Anadolu” хабар берди.

Ўз мактубида Эмина Эрдўған Мелания Трампга ҳурматини билдириб, ундан олти йил аввал Вашингтондаги Оқ уйда бўлиб ўтган самимий суҳбат ва илиқ кутиб олишни ҳануз эслаб қолганини таъкидлаган. Шунингдек, у Мелания Трампнинг яқинда Россия Президенти Владимир Путинга йўллаган хатини АҚШ биринчи хонимининг жорий воқеаларга нисбатан сезгирлиги сифатида қайд этган.

“Сиз мактубингизда болаларнинг меҳр-муҳаббат ва хавфсизликда улғайиш ҳуқуқи умумий ва рад этиб бўлмайдиган қадрият эканини таъкидлагансиз. Бу ҳуқуқ на география, на ирқ, на этник келиб чиқиш, на диний гуруҳ, на идеологияга боғлиқ эмас. Бу ҳуқуқдан маҳрум қилинган мазлумларни қўллаб-қувватлаш эса аввало инсоният олдидаги улкан масъулиятдир. Сизнинг Украина уруши оқибатида вайрон бўлган ҳаётлар, ажралган оилалар ва етим қолган болаларга кўрсатган эътиборингиз қалбларга умид бахш этди”, дея ёзган Эрдўғаннинг аёли. 

Эрдўған Мелания Трампдан Украинадаги урушда ҳалок бўлган 648 бола учун кўрсатган эътиборини Ғазодаги вазиятга ҳам қаратишини сўраб, сўнгги икки йил ичида бу ерда 62 минг бегуноҳ тинч аҳоли, жумладан 18 минг бола шафқатсизларча ўлдирилганини эслатган. 

У Ғазони “мисли кўрилмаган шафқатсизлик ва замонавий тарихнинг энг оғриқли геноцид саҳнаси” деб атаган. 

“Ҳар 45 дақиқада бир бола ҳалок бўлаётган Ғазода БМТ Болалар жамғармаси ер устидаги маконни “дўзах”, ер остидагисини эса “болалар қабристони” деб таърифламоқда. Урушларда номаълум аскар атамаси ишлатилгани каби, бир кун келиб бу ибора болаларга нисбатан ишлатилишини тасаввур қилармидингиз?” дея ёзган Эмина Эрдўған. 

Эрдўған мактубида уруш руҳияти бутунлай эзган ва кулишни унутиб қўйган болалар микрофонларга ўлимни хоҳлашларини айтаётгани, уларнинг қалбларида эса чидаб бўлмас уруш оғирлиги акс этаётганини таъкидлаган.

У Ғазо тарихида етим болаларнинг бевосита бошидан кечирган қўрқув ва изтироблари ўчмас из қолдирганини эслатиб, нафақат украиналик, балки фаластинлик болалар ҳам худди шундай қувонч, эркинлик ва муносиб келажак ҳуқуқига эга эканини қайд этган.

“Агар сиз Исроил Бош вазирига Ғазодаги гуманитар инқирозни тугатишга чақирувчи мактуб йўлласангиз, бу ниҳоятда муҳим қадам бўлади. Бугун дунё уйғониш даврини бошдан кечирмоқда, Фаластинни тан олиш умумий ирода сифатида шаклланмоқда. Мен ишонаманки, сизнинг Ғазо ҳимоясидаги мурожаатингиз ҳам фаластинлик халқ олдидаги тарихий масъулиятнинг ифодаси бўлади”, деган Туркиянинг биринчи хоними. 

Шунингдек, у дунёнинг турли ҳудудларидаги болаларнинг ҳаёти турлича қадрланишига қарши бирлашишга чақирган ва халқаро ҳуқуқ меъёрларини ҳамда умуминсоний қадриятларни ҳимоя қилишда бирдамлик зарурлигини таъкидлаган.

“Она, аёл ва инсон сифатида мен сизнинг мактубингиздаги ҳис-туйғуларингизни чуқур англайман ва сизнинг Ғазода тинчлик ва осойишталикни орзу қилаётган болаларга ҳам худди шундай умид бағишлашингизни истайман. Балки 18 минг 885 болани, жумладан 335 марта ўққа тутилган олти ёшли Ҳинд Ражабни энди қайтариб бўлмас. Аммо бизда ҳали кўпроқ болаларни асраб қолиш имконияти бор”, дея ўз мактубини якунлаган Эмина Эрдўған.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ғазо секторидаги инқироз бўйича Ғарб мамлакатларининг сусткаш позицияси халқаро ҳамжамиятга бўлган ишончни емираётганини айтганди. Эрдўғаннинг қўшимча қилишича, Туркия Ғазо масаласида бошидан буён қатъий позицияда туриб, озиқ-овқат, дори ва тиббий ёрдам етказиб бермоқда, ярадорларни даволаш учун қабул қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Эмина Эрдўған Мелания Трамп Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг