Эрдўған ғарбликларнинг Ғазо бўйича позицияси ҳақида мақола ёзди

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ғазо секторидаги инқироз бўйича Ғарб мамлакатларининг сусткаш позицияси халқаро ҳамжамиятга бўлган ишончни емираётганини айтди. Бу ҳақда Президентнинг “Al Jazeera” нашри учун ёзган мақоласида сўз боради.

Унга кўра, бугунги кунга қадар Исроил ҳужумлари оқибатида асосан 61 мингдан ортиқ фаластинлик аёллар ва болалар ҳалок бўлган. Эрдўған бу нафақат уруш, балки мақсадли қирғин сиёсатининг ҳам аниқ далили эканини таъкидлаган.

Эрдўған Ғарбнинг бу фожиага бефарқлиги ёки кучсиз реакцияси фаластинликларнинг оғир аҳволини янада оғирлаштираётганини, бошқа инқирозларга тезкор жавоб берилган бўлса-да, Ғазога бундай эътибор берилмаганини қайд этган. 

Унга кўра, агар Ғазодаги вазиятга ҳам Украина инқирозидек тез ва кенг кўламли ёндашилганида, бугун бутунлай бошқа манзара бўлар эди.

Эрдўғаннинг қўшимча қилишича, Туркия Ғазо масаласида бошидан буён қатъий позицияда туриб, озиқ-овқат, дори ва тиббий ёрдам етказиб бермоқда, ярадорларни даволаш учун қабул қилмоқда.

Президентга кўра, Ғазодаги зўравонлик нафақат Фаластин халқини, балки бутун минтақа барқарорлигини хавф остига қўймоқда. Исроил–Эрон танглиги кенг кўламли тўқнашув хавфини оширмоқда. 

Эрдўған дарҳол ўт очишни, ҳужумларни тўхтатиш, гуманитар коридорлар очиш ва халқаро ҳимоя механизмларини жорий этишни таклиф қилган. У Исроилнинг халқаро ҳуқуқни менсимаслиги жиноят сифатида тергов қилиниши кераклигини таъкидлаган. 

Мақола якунида у Фаластин давлатининг мустақиллиги ва икки давлатли ечим минтақада тинчликнинг ягона йўли эканини қайд этган. 

“Тарих Ғазодаги зулмга ким қарши турганини ҳам, ким кўз юмганини ҳам ёзиб қўяди. Ғазонинг вақти йўқ, бутун инсоният виждони энди синовда”, деган Эрдўған. 

Маълумот учун, 2021 йилда Эрдўған “Адолатлироқ дунё мумкин” номли китобини нашр қилган. Китобда Эрдўған Европа давлатларини ва умуман Ғарбни глобал адолатсизлик ва тенгсизликда айблайди. У БМТ тизими ва халқаро тартибдаги адолатсизликларга эътибор қаратиб, кўпинча Европа давлатларини фақат ўз манфаатини кўзлашда айблайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ғазо секторида содир бўлаётган воқеаларни “инсониятга қарши жиноят” деб атаб, уларни эътиборсиз қолдиришни жиноятга шериклик сифатида баҳолаганди. Эрдўғанга кўра, Исроил томонидан Ғазога гуманитар ёрдам киришини тўсиб қўйиш оқибатида юзлаб болалар очликдан азият чекмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил Ғазо Al Jazeera

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг